Валюта курслари 14/03/2025
$1 – 12938.11
UZS – 0.14%
€1 – 14076.66
UZS – -0.18%
₽1 – 149.99
UZS – 0.31%
Қидириш
Иқтисод 18/02/2025 Жамғарма, инвестиция ва даромадлилик: уй-жойга инвестиция ёки депозитлар?

Жамғарма, инвестиция ва даромадлилик: уй-жойга инвестиция ёки депозитлар?
 

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) —  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари томонидан Тошкент шаҳрида кўп қаватли уй-жойларга инвестицияларнинг даромадлилиги ўрганилди.

Уй-жойга инвестиция қилиш – фақат кўчмас мулкка эгалик қилиш эмас, балки узоқ муддатли молиявий барқарорлик ва даромад олишнинг ишончли манбаларидан бўлиб келган. 

Ушбу инвестициянинг асосий моҳияти мулкнинг 2 хил даромад манбаи орқали фойда келтиришида намоён бўлади: 
1. Ижарага беришдан олинадиган даромад; 
2. Вақт ўтиши билан мулк қийматининг ўзгариши орқали келадиган капитал фойда (зарар). 

Ушбу икки манба биргаликда нафақат даромад келтиради, балки инвесторга бозордаги ўзгаришларга мослашиш имконини ҳам беради.

Тошкент шаҳрида уй-жойга инвестицияларнинг даромадлилиги тушиб бормоқда. Хусусан, жорий йилнинг январ ойида пойтахтда кўп қаватли уй-жойларга инвестицияларнинг даромадлилиги 2024-йилнинг феврал ойидаги ўртача 32,4%дан 7,6%гача секинлашди.  

Мазкур даврда кўп қаватли уй-жойга инвестицияларнинг даромадлилиги жойлашган ҳудуди ва хоналари сонига кўра бир-биридан сезиларли даражада фарқланади:
1 хонали: Миробод – -1,7% (2024-йил феврал – 53,0 %), Бектемир – 54,3% (46,8 %);
2 хонали: Учтепа – 2,6% (27,0 %), Яккасарой – 15,1% (24,2 %);
3 хонали: Бектемир – -5,5% (33,7 %), Яккасарой – 10,4% (22,8 %);
4 хонали: Бектемир – -7,3% (37,9 %), Чилонзор – 16,5% (19,8 %).

Уй-жойлар нархи ўзгаришидан олинадиган даромад. 2024-йил феврал ойида уй-жой ва ижара нархларининг нисбатан кўтарилиши (тушиши) ҳисобига олиниши мумкин бўлган фойда Яккасарой, Бектемир ва Чилонзор туманларида мос равишда ўртача 16,1%ни, 26,9%ни ва 15,4%ни ташкил этган бўлса, 2025-йил январь ойида ушбу кўрсаткичлар 3,0%, 2,8% ва 0,3%гача пасайди. Шунингдек, Тошкент шаҳрида уй-жойлар нархининг ўсишдан деярли тўхташи ва бироз арзонлашиши натижасида жорий йилнинг январь ойида уй-жойлар нархи ўзгаришидан олинадиган ўртача даромад Шайхонтоҳур (35,8 %дан -0,8 %га) ва Юнусобод (30,4 %дан -3,4 %га) туманларида сезиларли даражада пасайгани кузатилди.

Уй-жойларни ижарага беришдан олинадиган даромад. Жорий йилнинг январь ойида уй-жойлар ижарасидан олинадиган йиллик ўртача даромад Миробод туманида 10,0%ни (2024-йил февраль ойида – 10,4%), Мирзо Улуғбек туманида 9,9%ни (10,6%), Шайхонтоҳур туманида 9,8%ни (11,6 %) ташкил этди. Ушбу кўрсаткич ижара нархлари нисбатан арзонроқ бўлган туманлар – Олмазорда 8,9%ни (9,4%), Учтепада 8,9%ни (8,6%) ва Сергелида  8,9%ни (8,4 %) ташкил қилди.  

Даромадлилик даражаси бўйича инвестицион жозибадорлиги юқори ҳисобланган 1 ва 2 хонали хонадонлардан даромад олиш имкониятлари ҳам тушиб бормоқда. 2024-йилнинг феврал ойида 1 ва 2 хонали хонадонларга йўналтирилган инвестицияларнинг даромадлилиги мос равишда 35,6%ни ва 30,8%ни ташкил этган бўлса, жорий йил январ ойида ушбу кўрсаткич 14,3% ва 7,5%гача тушди. Мазкур даврда 3 ва 4 хонали хонадонлар учун даромадлилик кўрсаткичи сезиларли даражада пасайди (мос равишда 5,5% (2024-йил февралида 33,0%) ва 2,9% (30,3%)).

2024-йилнинг ярмидан бошлаб уй-жойга инвестициялар даромадлилиги жисмоний шахсларнинг миллий валютадаги депозитлардан олинадиган ўртача даромадлиликдан паст даражада шаклланиб келмоқда. 2023-2024 йилларда чет эл валютасидаги банк депозитлари бўйича ўртача фоиз ставкаси 5% атрофида шаклланган бўлса, миллий валютадаги депозитлар бўйича ставкалар 21-22% атрофида ўзгариб турди.

Ривожланаётган давлатларда аҳоли жамғармаларининг уй-жойга йўналтирилиши қисқа муддатда ижтимоий-иқтисодий барқарорликни ошириши мумкин. Аммо, узоқ муддатда капитал бозорини ривожлантириш ва аҳоли учун диверсификацияланган инвестиция имкониятларини тақдим этиш муҳим. Шу йўл билан аҳоли жамғармалари нафақат сақланади, балки миллий иқтисодиётнинг турли соҳаларига инвестиция қилингач, янада жадал ривожланиш имконини беради.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг