Тошкентда қурилиш материаллари омборидаги ёнғин бартараф этилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бугун, 28 апрель куни соат 07:00 да Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармасига Миробод туманидаги «Абдурауф Фитрат» маҳалласи, Г. Алиев кўчасида жойлашган қурилиш материаллари омборида ёнғин содир бўлгани ҳақида маълумот тушди.
Ҳодиса жойига соат 07:02 да ўт ўчириш-қутқарув бўлинмалари тезкор етиб борди. Ўт ўчирувчиларнинг мувофиқ ва жадал ҳаракатлари туфайли ёнғин соат 08:33 да тўлиқ бартараф этилди.
Ёнғин натижасида омбор биносининг ички қисми ва том қисми тахминан 500 квадрат метр майдонда шикастланган.
Ёнғинни ўчириш ишларига 12 та ўт ўчириш-қутқарув экипажи жалб этилди.
Ҳозирги пайтда мутахассислар ҳодиса сабабларини аниқлаш ва моддий зарар миқдорини баҳолаш ишларини олиб бормоқда.
Ёнғин натижасида жабрланганлар йўқ.
Ҳодиса жойида Тошкент шаҳар ва туман Фавқулодда вазиятлар бошқармалари раҳбарлари иш олиб бормоқда.