Валюта курслари 25/12/2024
$1 – 12909.80
UZS – 0.06%
€1 – 13415.86
UZS – -0.09%
₽1 – 129.09
UZS – 1.17%
Қидириш
Иқтисод 05/11/2024 Шанхайда еттинчи Хитой халқаро импорт маҳсулотлари кўргазмаси расман очилди

Шанхайда еттинчи Хитой халқаро импорт маҳсулотлари кўргазмаси расман очилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) —Тадбирда Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазири Ли Сян, Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим, Қозоғистон Бош вазири Олжас Бектенов, Мўғулистон Бош вазири Лувсаннамсрайн Оюун-Эрдене, Сербия Бош вазири Милош Вучевич, Жаҳон савдо ташкилоти бош директори Нгози Оконжо-Ивеала ҳамда (видеомурожаат), БМТнинг Савдо ва тараққиёт бўйича конференцияси (УНCТАД) бош котиби Ребека Гринспан (видеомурожаат), Словакия, Озарбайжон, Саудия Арабистони, Покистон, Индонезия, Никарагуа, Танзания ва бошқа 182 мамлакатлар ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Форумда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов сўзга чиқди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги алоқалар тобора мустаҳкамланиб бораётгани, бунда Шавкат Мирзиёев ва Си Сзинпин ўртасидаги яқин, самимий ва дўстона муносабатлар муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.

Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ва инвестициявий ҳамкори ҳисобланиши, ўтган йилда товар айирбошлаш 14 миллиард долларга етгани, яқин истиқболда унинг ҳажмини 20 миллиард долларга етказиш учун барча имкониятлар ва энг муҳими биргаликда ривожланиш учун хоҳиш борлиги маълум қилинди.

Охирги йилларда Хитойдан Ўзбекистонга жалб қилинаётган тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажми беш баробар, қўшма корхоналар сони эса уч баробар ошди. Қўшма лойиҳалар портфели 53 миллиард доллардан зиёдни ташкил этди.

Хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда энергетика, кимё, машинасозлик, текстиль, қурилиш материаллари, маиший техника, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Шунингдек, форумда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатнинг очиқлиги, инвестицион салоҳияти юксалиши, сармоядорларга яратилаётган қулайликлар ҳақида ҳам сўз юритилди.

Маълум қилинганидек, охирги йилларда мамлакатимизда 60 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Халқаро молия институтларининг 14 миллиард доллардан ортиқ маблағлари ижтимоий ва инфратузилма соҳаларини ривожлантиришга йўналтирилди.

2030 йилгача “яшил” энергия манбаларини 40 фоизга етказиш борасида иш олиб борилмоқда.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон барча давлатлар билан турли соҳаларда алоқаларни кенгайтириш, жумладан, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдордир.

Форумдан сўнг делегациялар раҳбарлари 73 давлат қатнашаётган кўргазма фаолияти билан танишди.

Хусусан, “Маде in Uzbekistan” деб номланган Ўзбекистон павильонида саноат, геология, электротехника, қурилиш материаллари, кимё, фармацевтика, туризм, IT, енгил саноат, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари намойиш этилмоқда.

Кўргазма жорий йилнинг 10 ноябрига қадар давом этади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг