Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Жорий йилнинг 21-23 февраль кунлари Ўзбекистонда зиёрат туризми бўйича илк халқаро форум бўлиб ўтади. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Бухоро ва Самарқанд вилоятлари ҳокимликлари, Ташқи ишлар вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда мамлакатимизнинг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад зиёрат туризмини ривожлантириш соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, бу йўналишга тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш, Ўзбекистонни зиёрат туризмининг йирик марказларидан бири сифатида эътироф этиш ва “Ҳалол“ стандартини жорий этишдан иборат.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилаётган форумда маҳаллий ва хорижий олимлар, теологлар, зиёрат туризми соҳасидаги эксперт ва мутахассислар иштирок этади.
Тадбирнинг биринчи куни ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани ҳамда форум меҳмонлари ва иштирокчилари учун Бухоронинг диққатга сазовор жойлари бўйлаб таништирув экскурсияси ташкил этиш режалаштирилган.
Форумнинг иккинчи куни Бухородаги Ёшлар марказида тадбирнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади. Бу ерда хорижий экспертлар иштирокида мамлакатимизнинг зиёрат туризми салоҳиятини ошириш масалаларига бағишланган учта шўъба сессияларини ўтказиш ҳамда юртимиз маданий-тарихий марказларининг Ислом маданияти ва цивилизациясини ривожлантиришдаги роли тўғрисида декларация имзоланиши ҳам кўзда тутилган.
Йиғилиш якунларига кўра, хорижлик шериклар билан инвестиция шартномаларини имзолаш кутилмоқда.
Форумнинг сўнгги кунида тадбир меҳмонлари учун Самарқанднинг диққатга сазовор жойлари бўйлаб таништирув тури ўтказилади.
Манбаа: Ўзбекистон Республикаси ҳукумат портали.