Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда заргарлик саноатини янада ривожлантиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.
Мазкур қонун лойиҳаси билан айрим қонун ҳужжатларига заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларнинг қимматбаҳо металларга бўлган талабини қондириш, уларнинг ривожи учун қулай бизнес муҳитини яратиш ва қонунчиликда мавжуд бўлган бюрократик тўсиқларни либераллаштиришга қаратилган бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан, 2027 йил 1 сентябрга қадар “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмасига аъзо бўлган заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи тадбиркорларни мол-мулк ва ер солиғидан озод этиш белгиланяпти.
Шунингдек, аффинаж корхоналарига (таркибида қимматбаҳо метал ва қимматбаҳо тошлар бўлган хом ашё билан ишлаш фаолиятини лиценция асосида амалга оширувчи корхоналар) қимматбаҳо металларни заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчилар учун қулай шакл ва миқдорларга келтирган ҳолда сотиш ҳамда қимматбаҳо металлардан сувенир тангалар тайёрлаш ва реализация қилиш ҳуқуқини бериш назарда тутилмоқда.
Заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларга ҳам, ўз навбатида, ўзлари ясаган заргарлик буюмларининг хомаки маҳсулотларини бошқа ишлаб чиқарувчиларга реализация қилиш ҳуқуқи бериляпти. Қолаверса, юридик ва жисмоний шахслардан қимматбаҳо металларни ва заргарлик буюмларини сотиб олиш фаолияти ваколатли органни хабардор қилиш тартибида амалга ошириши белгиланяпти.
Бундан ташқари, қонун лойиҳаси билан хорижда ишлаб чиқарилган қимматбаҳо металлардан ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик ва бошқа буюмларни божхона тўловлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатларсиз сотувга қўйиш ҳамда чакана савдода реализация қилиш тақиқланмоқда.
Муҳокамаларда қонун лойиҳаси бўйича аниқлаштирувчи саволларга масъуллар томонидан жавоблар қайтарилди. Лойиҳага айрим таҳририй тузатишлар киритилди.
Қайд этилганидек, ушбу ҳужжат юртимизда заргарлик саноатини ривожлантириш, заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларни янада қўллаб-қуватлаш ва уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.