Бугун дунёда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ вазиятга эътибор берсак, касаллик болалар ва ҳомиладор аёллар орасида ҳам кўп кузатилаётганини кўриш мумкин. Бунга эса қайсидир маънода вируснинг янги-янги штаммлари аниқланаётгани ҳам сабаб бўлмоқда.
Хўш, бу борада юртимизда вазият қандай? Хусусан, Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонасида айни пайтда қанча бемор бола ва ҳомиладор аёл даволанмоқда? ССВ Матбуот хизматининг ушбу саволларига шифохона директори ўринбосари Ҳилола АЛИМОВА жавоб берди.
- Бугунги кунда шифохонамизда 7 нафар чақалоқ, 18 ёшгача бўлган 97 нафар бола даволанмоқда, — дейди Ҳ. Алимова. — Жонлантириш бўлимларида 2 нафар бемор бола шифокор ва ҳамшираларнинг назорати остида даво муолажаларини олмоқда.
Шунингдек, беморлар орасида 64 нафар ҳомиладор аёл ҳам бўлиб, айни кунда уларнинг 3 нафари реанимация бўлимида даволаняпти. Эътиборлиси, жорий йил бошидан буён шифохонамизда 422 нафар чақалоқ дунёга келди.
Эслатиб ўтамиз, шу йил 15 октябрь ҳолатига кўра, ушбу муассасада йил бошидан буён туғилган чақалоқлар сони 377 нафарни ташкил қилган эди.