Валюта курслари 29/11/2024
$1 – 12865.05
UZS – 0.13%
€1 – 13550.76
UZS – 0.28%
₽1 – 116.73
UZS – -2.78%
Қидириш
Ўзбекистон 14/12/2021 Замонавий қонунчилик мантиқан изчил ислоҳотларга мос бўлиши зарур
Замонавий қонунчилик мантиқан изчил ислоҳотларга мос бўлиши зарур

2021 йил 14 декабрь куни Тошкентда бўлиб ўтган “Замонавий конституционализм: миллий ва хорижий тажриба” мавзусидаги халқаро конференцияда давр талаблари, ислоҳотлар шиддати ва изчиллиги ҳамда инсонлар эҳтиёжлари тақозоси асосида қонунларни, шу жумладан, Конституцияни такомиллаштириш борасидаги халқаро тажриба ҳақида сўз борди.

Анжуман Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Барқарор ривожланиш маркази ҳамда Давлат ва ҳуқуқ институти томонидан Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси кўмагида ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, давлат идоралари ва фуқаролик жамияти институтлари, сиёсий партиялар, мамлакатнинг академик ҳамжамияти вакиллари, шунингдек, чет эллик олим ва экспертлар, халқаро ташкилотлар ва чет эл дипломатик корпуси вакиллари иштирок этди.

Анжумандан кўзланган мақсад – ҳозирги даврда турли мамлакатларда конституционализмнинг ривожланиш тенденцияларини аниқлаш ва таҳлил қилиш, бу борадаги илғор миллий ва халқаро тажрибани қиёсий ўрганишдан иборат.

Конференция иштирокчилари мамлакатимизнинг Асосий қонунини жамиятдаги реал воқеликка, шиддатли демократик ислоҳотлар мантиғига мослаштириш, шу негизда Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси учун мустаҳқам ҳуқуқий пойдевор яратиш масалалари бўйича атрофлича фикр алмашдилар. Айниқаса, ҳар қандай демократик ислоҳотлар мустаҳкам конституциявий-ҳуқуқий асосга эга бўлсагина бардавом ва самарали бўлиши алоҳида таъкидланди. 

Жаҳон тажрибаси сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, маънавий-маърифий ва бошқа соҳалардаги ислоҳотларнинг ўзаро мутаносиблиги таъминланмаганлиги ҳамда бир-биридан ортда қолиши турли инқирозларга олиб келишини кўрсатмоқда. Қолаверса, мавжуд конституциявий-ҳуқуқий асос, адолатли фуқаролик жамиятининг ривожланиш ҳолати, фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий онги ва маданияти даражаси демократик ислоҳотлар шиддатига тайёр эмаслиги мамлакатнинг модернизация жараёнларига тўсиқ бўлиши мумкин. 

Шунинг учун Конституция ва қонунлар давр шиддати ва талаби, ислоҳотлар ва халқ эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, доимий равишда такомиллаштириб борилади. Бугун дунёда ҳеч бир Конституция илк қабул қилинган таҳририда сақланиб қолмаган. Биргина XXI асрда дунёнинг 90 га яқин давлатида конституциявий ислоҳотлар муваффақиятли амалга оширилди, 57 тасида янги Конституция қабул қилинди. 

Халқаро конференция иштирокчилари таъкидлаганларидек, турли мамлакатлардаги конституциявий ўзгаришлар, асосан, ташқи ҳамда ички таҳдид ва хатарларни инобатга олиб, уларга жавоб беришга қаратилганлиги билан ўзаро ўхшашдир. Замонавий конституциялар бундан юз йил олдин унчалик кўзга ташланмаган янгидан-янги – атроф-муҳит, гендер тенглиги, инсон, айниқса, ногиронлиги бўлган шахслар, келажак авлод ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш каби масалаларни қамраб олган. 

Замонавий конституциялардан, шунингдек, ахборотлашган жамиятни шакллантириш, шахсий рақамли маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш, илмий-технологик ва инновацион ривожланиш, тўғридан-тўғри электрон демократия ва халқ қонунчилик ташаббуслари унсурларини жорий этиш каби бошқа замонавий масалалар ҳам ўрин олган.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этиш, эркин ва адолатли фуқаролик жамиятини ривожлантиришшга қаратилган ўзаро боғлиқ ва моҳиятан бир-бирини тақозо этувчи туб демократик сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ҳаракатлар стратегияси доирасида Конституциянинг 21 та моддасига 9 маротаба 32 та ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. 

Шу билан бирга, глобаллашув, рақамлаштириш, иқлим ўзгариши ва жадал ўзгариб бораётган давр талаби асосида мамлакатни янада модернизация қилиш, тинчлик, барқарорлик ва миллий мустақилликни мустаҳкамлаш борасида ўта долзарб янги вазифалар кун тартибига қўйилмоқда.

Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясида мамлакатни модернизация қилишнинг етти йўналиши бўйича 50 дан ортиқ кодекс, қонун, стратегия, концепция ва дастурлар қабул қилиниши зарурлиги кўзда тутилгани, 100 дан ортиқ бошқа ташаббуслар илгари сурилгани ҳам буни яққол тасдиқлайди.

Тараққиёт стратегиясида қонунчилик, ҳуқуқий тафаккур ва ҳуқуқни қўллаш тизими, жамиятнинг сиёсий ва ҳуқуқий онги умуминсоний қадриятлар ва барқарор ривожланиш тамойилларига йўналтирилгани жуда муҳим. Шу боис халқаро анжуманда, кенг жамоатчилик хоҳиш-иродасини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Президенти Асосий қонунни такомиллаштиришнинг 9 та йўналишини аниқ белгилаб бергани алоҳида эътироф этилди.

Бу асосий йўналишлар, биринчи навбатда, “Инсон қадри учун” деган устувор тамойилни тўлиқ амалга оширишга қаратилган. Бинобарин, инсон қадри, инсон шаъни учун қайғуриш дегани – фуқароларнинг тинч ва хавфсиз ҳаёти, асосий ҳуқуқ ва эркинликларини, муносиб турмуш шароитини таъминлаш ва замонавий инфратузилма барпо этиш, мамлакатнинг ҳар бир фуқароси учун малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя ва соғлом экологик муҳит яратиш демакдир. 

Тараққиёт стратегиясида белгиланган “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” принципини ҳаётга татбиқ этиш бўйича конституциявий нормани мустаҳкамлаш масалаларига жиддий эътибор берилаётгани бежиз эмас. Жаҳон тажрибасига кўра, ижтимоий давлат – бу рақобатли бозор иқтисодиёти, турли пандемия ва эпидемиялар шароитида ўз фуқароларига маълум бир минимал фаровонликни кафолатлайдиган давлат, деганидир. 

Анжуманда конституциявий ислоҳотлар жараёнида устувор даражада эътибор қаратиш лозим бўлган бир  қатор долзарб масалалар,  хусусан, инсоннинг иқтисодий ҳуқуқларини таъминлашнинг энг муҳим ва зарур шарти сифатида хусусий мулк, жумладан, ер ва фойдали қазилмалар дахлсизлиги ва ҳимояси тамойилларини амалга ошириш муаммолари атрофлича муҳокама этилди. Зеро, аксарият давлатлар конституцияларида хусусий мулк ҳуқуқи инсоннинг конституциявий ҳуқуқларидан бири сифатида эътироф этилади.

Халқаро конференция иштирокчиларининг фикрига кўра, ҳозирги вақтда кўпгина ривожланган давлатлар глобал иқлим ўзгаришларини ҳисобга олган ҳолда, ўз конституцияларига махсус экологик бўлимларни киритмоқда. Бу борада Франция, Россия ва Европадаги бошқа давлатларнинг ўз экологик хартияларини Конституциянинг таркибий қисмлари сифатида қабул қилиш борасидаги тажрибалари эътиборга моликдир.

Шу билан бирга, кўплаб давлатлар тўртинчи саноат инқилобига қадам қўяётган шароитда Ўзбекистоннинг рақобатбардошлигини амалда таъминлаш, шунингдек, ахборотлашган жамиятни шакллантириш мақсадида давлат томонидан ахборот технологиялари ва “рақамли конституциявий институтлар”дан фойдаланишни қўллаб-қувватлашнинг конституциявий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш масалаларини чуқур кўриб чиқиш зарур.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг