Дунёда глобал муаммога айланиб бораётган аҳолининг кексайиш жараёни тобора кўпроқ мамлакатларни қамраб олаётган бир пайтда Ўзбекистоннинг демографик ҳолатида кескин ёшариш жараёни кузатилмоқда. Охирги беш йилда туғилишнинг кескин ортиши мамлакатимиз демографик дивиденд бўсағасида турганлигидан дарак беради.
2022 йил бошига келганда Ўзбекистон Республикаси аҳолиси 35,3 миллион кишига етди. Бу 2021 йил бошидагига нисбатан 712 минг кишига (2,1%) кўп дегани. Аҳоли сони ўсишининг юқорилиги туғилишнинг ўлимга нисбатан анча кўплиги билан боғлиқ. 2021 йилда 905 минг нафар гўдак дунёга келган. Ҳудудлар бўйича Самарқанд (110 минг чақалоқ), Фарғона (99 минг чақалоқ), Қашқадарё (97 минг чақалоқ) ва Андижон (85 минг чақалоқ) вилоятида туғилиш нисбатан юқори.
Ўзбекистон Республикасида 2016-2021 йиллар мобайнида туғилишнинг кескин ортиши кузатилди. Гўдакларнинг дунёга келишида 25-39 ёш оралиғидаги аёлларнинг улуши катта. 15-24 ёш оралиғидаги аёллар улуши деярли бир маромда сақланиб келаяпти. 40 ва ундан катта ёшдаги аёлларнинг улуши 1% дан кам. Ушбу ҳолат шаҳар ва қишлоқларда деярли бир хил.
Фарзандлар кетма-кетлиги бўйича йилига ўртача 280 минг тўнғич фарзанд туғилган бўлса, 2019 йилда уларнинг сони 352,7 минг нафаргача ошган. Кейинги йилларда тўнғичфарзандлар сони яна 280-290 минг нафарга қайтган. Иккинчи фарзандлар бўйича ўсиш бир маромда.
Туғилишдаги асосий ўсиш учинчи ва ундан кейинги фарзандлар улушига тўғри келади. 2016 йилда 204,9 минг нафар учинчи фарзанд дунёга келган бўлса, 2021 йилда уларнинг сони 325,2 минг нафарга етган. Ушбу гўдакларнинг туғилишидаги ўсиш ҳам 25-39 ёш оралиғидаги аёлларнинг ҳиссасига тўғри келади.
Туғилишнинг йиғинди коэффициенти (бир аёлга тўғри келадиган болалар сони) 2016 йилда 2,46 ни ташкил қилган бўлса, 2021 йилда 3,17 га кўтарилди. Ушбу кўрсаткич қишлоқда 3,40 ни, шаҳарда эса 2,95 ни ташкил қилди.
Норасмий оилаларда туғилган болалар сони 2016 йилда 60,2 ташкил қилган бўлса, 2020 йилга келиб 55,7 минг нафаргача пасайди.
Прогнозларга кўра, туғилиш суръати 2030 йилгача бир маромда (ўртача 900-950 минг) давом этади ва аҳоли сони 41 милллион нафардан ошади. 2030 йилга бориб, 18 ёшгача бўлганлар ва меҳнатга лаёқат ёшидан катталар сони мос равишда 2384 минг ва 1447 минг кишига ўсиши кутилмоқда.
Демографик дивиденд. 2022 йил бошига келганда жаҳон мамлакатларида болалар босими кўрсаткичи 41,0 болани ташкил қилди. Бу кўрсаткич ривожланган мамлакатларда 25,0, ривожланаётган мамлакатларда 42,0 ва ривожланмаган мамлакатларда 68,0 болани ташкил қилмоқда. Болаларга тушадиган зўриқишнинг кексаларга тушадиган зўриқишга нисбатан пасайиши демографик солиқ ҳолатига олиб келади. Прогнозларга асосан, жаҳонда солиқ даврининг бошланиши 2045 йилга (35 бола) тўғри келади. Баъзи минтақаларда эса у бошланиб бўлган. Масалан, Европа мамлакатларида 1995 йилда (31 бола), Шимолий Америкада 2015 йилда (32 бола), Россияда 2000 йилда (29 бола) бошланган. Осиё (32 бола) ва Лотин Америкасида 2040 йилдан (33 бола) бошланиши кутилмоқда. Прогнозлар шуни кўрсатадики, 2030 йилгача Ўзбекистонда демографик солиқ даврининг бошланиш хавфи йўқ. Ҳисоб-китобларга асосан Ўзбекистонда демографик босим 2000 йилларда 92,2 кишини ташкил қилган (болалар босими – 78,1, кексаларники – 14,2). Босим 2013 йилга келиб энг қуйи кўрсаткич, яъни – 62,0 га пасайди ва 2022 йилга келиб 75,8 кишига кўтарилди. 2030 йилга бориб,
республикада босимнинг мўътадил ўсиши (84,2 киши) кутилмоқда (болалар босими – 59,7, кексаларники – 24,4). Демографик дивиденддан самарали фойдаланиш инсон капиталини ривожлантиришга сармоя киритишни талаб этади.
Аҳоли сонининг ошиши биринчи навбатда соғлиқни сақлаш ва таълим тизимига босим ўтказади.
Соғлиқни сақлаш. 2021 йил бошида мамлакатимизда 1232 та шифохона мавжуд бўлиб, ҳар 10 000 кишига 47 та шифохона ўрни тўғри келган. Шунингдек, 6032 та амбулатория-поликлиникага бир сменада 683 минг киши келган. Бу ҳар 10 000 кишига 197 нафарни ташкил этади. Ушбу муассасаларда хизмат кўрсатган барча тоифадаги шифокорлар сони 93 минг кишини ташкил қилган. Бу ҳар 10 000 кишига 27 нафар шифокор ёки битта шикофорга 370 киши тўғри келишини билдиради. Шунингдек, ҳомиладор аёллар ва туғадиганлар учун 17,3 минг ўрин мавжуд бўлган бўлиб, фертил ёшидаги ҳар 10 000 аёлга 19 та ўрин тўғри келган. Ҳомиладорлиги тугаган аёлларнинг фертил ёшидаги аёллардаги улуши 2021 йил бошига 8,9% ташкил қилган. Ҳисоб-китобларга асосан аҳоли соғлигини ҳозирги даражада ушлаб туриш ва яхшилаш учун аҳоли сонининг ошишини ҳисобга олган ҳолда 2030 йилгача амбулатория-поликлиникалар сонини 7 041 тага етказиш лозим (қўшимча 1 009 та).
ЖССТ маълумотларига кўра, дунёда ҳар 10 000 кишига тахминан 16 нафар шифокор ва 38 нафар ҳамшира (шу жумладан, кўпчилик мамлакатлардаги доялар) тўғри келади.
Маълумот учун: Европа минтақаси мамлакатларида ҳар 10 минг кишига ўртача 34 нафар шифокор тўғри келади, Америкада – 24, Ғарбий Тинч океани минтақасида – 19, Шарқий Ўртаер денгизида – 10, Жануби-Шарқий Осиёда – 8 , Ўзбекистонда бу кўрсаткич 27 нафарни ташкил этади.
Агар Европа ва Америка мамлакатларида ҳар 10 000 кишига 80 нафардан ортиқ (81 ва 83) ҳамшира тўғри келса, Ўзбекистонда 10 000 кишига 107 нафар ҳамшира тўғри келади. Ўзбекистонда шифокор ва ҳамширалар сони ривожланган давлатлардагидан фарқ қилмайди. Ҳудудлар бўйича ҳамширалар сони бўйича энг паст кўрсаткичлар Сурхондарё (15,0 нафар), Жиззах (16 нафар) ва Қашқадарё (18 нафар) вилоятларида кузатилмоқда.
Прогнозларга кўра, аҳолининг йиллик ўртача ўсиши 720 минг кишини ташкил этади. Бу ўсиш суръатида ҳам шифокорлар ва ҳамширалар зиммасига тушадиган юк катта бўлмайди. Прогнозларга кўра, 2030 йилга бориб, 10 минг кишининг шифокорлар билан таъминланиш даржаси 29,4 нафарни, тиббиёт ходимлари билан таъминланиш даражаси 117,8 нафарни ташкил этади. Жумладан, олий ўқув юртлари ҳар йили 4 минг нафардан ортиқ кишини меҳнат бозорига чиқараётган бўлса, коллежлар 55 мингдан ортиқ тиббиёт ходимини тайёрлаяпти. Ҳар йили ўртача 40 мингга яқин ходим меҳнат фаолиятини тўхтатади ва 60 минг нафардан ортиғи ишга олинади. Соғлиқни сақлаш соҳасида банд бўлганлар сонининг реал ўсиши 20 минг кишидан ортиқни ташкил этади. Олий таълимни қамраб олишни ошириш, квоталарни кенгайтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар олий маълумотли шифокорлар сонининг кўпайишини таъминлайди. Бу эса ўз навбатида аҳолининг шифокорлар ва тиббиёт ходимлари билан таъминланиш даражасини оширади.
Таълим тизими. 2022 йил бошида 3-6 ёш оралиғидаги болалар сони 2855,2 минг нафарни ташкил қилган. Прогнозларга кўра, 2026 йилга борганда уларнинг сони 3567,3 минг нафарни, 2030 йилда эса 3631,9 минг нафарни ташкил этади.
3-6 ёш оралиғидаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олишнинг эришилган кўрсаткичларини сақлаб қолиш ва келажакда республиканинг барча ҳудудларида жаҳоннинг жадал ривожланаётган давлатларидаги каби кўрсаткичларни (80% атрофида) таъминлаш учун 1 миллион 400 минг нафар бола учун мактабгача таълим муассасаларида янги ўринлар ташкил этиш, малакали мутахассис-тарбиячиларни тайёрлаш зарур.
Умуман қамровни таъминлаш учун бюджетдан қўшимча 38,5 трлн.сўм
ажратилиши лозим бўлади. Ҳудудлар бўйича таҳлилларга асосан Самарқанд, Тошкент, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида келажакда болалар сонининг ўсиш суръати юқори бўлади, лекин ҳозирги кунда қамров даражаси паст эканлигини кўриш мумкин. 2030 йилга бориб, 3-6 ёш оралиғидаги барча болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш натижасида 28 000 та иш ўрни ташкил этиш мумкин.
2021/2022 ўқув йилида умумтаълим мактабларини жами 441,3 минг ўқувчи битирган бўлса, 2022/2023 ўқув йилида 701,9 минг бола 1-синфга чиқади. Ушбу болаларни мактабга қабул қилиш учун 2022/2023 ўқув йилининг ўзида қўшимча 260,6 минг ўқувчи ўрни зарур бўлади. 2021/2022 ўқув йилида мактаблар паспорти бўйича умумий лойиҳавий қуввати 5111,1 минг ўринни ташкил этди. Ҳисоб китобларига кўра, 2026 йилда 7-17 ёш оралиғидаги болалар сони 7642,7 минг нафарни, 2030 йилда эса 8660,8 нафарни ташкил этади.
2029/2030 ўқув йилига қадар битирувчилар ҳамда 1-синфга қабул қилинадиганлар ўртасидаги тафовут ўртача 162,8 минг ўқувчини ташкил қилади. Йилига ўрта ҳисобда қўшимча 162,8 минг ўқувчи учун камида 4500 нафар янги ўқитувчи жалб қилиш зарур бўлади. 2021/2022 ўқув йилида жами ўқувчилар сони 6304,6 минг нафар, ўқитувчилар сони 529,1 минг нафар, яъни битта ўқитувчига 11,9 нафар ўқувчи тўғри келади. Ривожланган мамлакатларда ушбу кўрсаткич 10 нафардан ошмайди. Ҳар йили олий ўқув юртлари ўртача 30 минг нафар олий маълумотли педагогни меҳнат бозорига чиқаради. Олий маълумот билан қамраб олиш даражасини 50% га
етказиш ва аёллар учун квоталар сонини ошиши натижасида, 2030 йилга бориб, олий ўқув юртлари ҳар йили ўрта ҳисобда 35-40 минг нафар педагог кадрларни тайёрлаши кутилмоқда.
Бунинг натижасида ҳар бир ўқитувчига 10 та ўқувчи тўғри келади. Ушбу ҳисоб китоблардан келиб чиқиб, яқин келажакда ўқитувчиларга талаб юқори бўлиши кутилмоқда. Шунга қарамай, уларнинг танқислиги кузатилмайди.
Бугунги кунда республикада 178 та олий ўқув юрти фаолият юритмоқда. 2021/2022 ўқув йилида ОТМларга қабул қилинганлар сони 235,9 минг нафарни, жами талабалар сони 808,4 минг нафарни ташкил қилиб, битирувчиларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 38%га етди. Битирувчиларни 50% олий таълим билан қамраб олиш учун зарур бўлган талаба ўринлари сони: 2026 йилда жами ўрта таълимни битирувчилар сони 619,0 минг нафар, 2030 йилга бориб, 615,5 минг нафар бўлиши кутилмоқда. 2030 йилгача ўрта таълим битирувчиларининг олий таълим билан қамровини 50%га етказиш учун жами қўшимча 646,8 минг талабани ўқитиш зарур. 2030 йилда ўрта таълим битирувчиларни 50% олий таълим билан қамраб олиш учун ОТМларнинг ҳозирги қувватини 8 йил ичида 1,5-1,8 марта ошириш зарур.
Сўров. Мамлакатимизда туғилиш даражасининг нима сабабдан юқорилиги ўрганиш мақсадида ПМТИ томонидан сентябрь-октябрь ойларида сўров асосида тадқиқот ўтказилди. Унда 25-45 ёш оралиғидаги 3 нафар ва ундан кўп фарзандлари бор бўлган,
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи 200 нафар аёл иштирок этди (N=200).
Сўровномада қатор саволлар қамраб олинган бўлиб, улардан қуйидаги натижалар олинди:
Давлат статистика қўмитасисининг маълумотларига мос равишда оилаларнинг катта қисми (оналарнинг 82,9%, турмуш ўртоқларининг 81,0%) 3-4 нафар фарзанди бўлишини ҳоҳлайди.
Саломатлиги (43,8%) ҳамда оилавий шароитининг яхшиланганлиги (47,9%) фарзандни дунёга келтиришга қарор қилишдаги асосий сабаб сифатида кўрсатилган.
Оилаларнинг 36,2%и умумий ҳолда яна фарзандли бўлишни истаган бўлсада, 19,0% оилалар яна ўғил фарзандли, 14,3%и эса яна қиз фарзандли бўлиш истагини билдирган. Оилаларнинг 33,4% ида фарзанд кутилмаганда дунёга келгани аниқланди.
Сўровда қатнашган аёлларнинг 87,9%и контрацептив воситалардан фойдаланишини билдирган. Воситаларнинг ишлатилиши: спирал - 63,8%, турли дори воситалари - 17,1%, бошқа усуллар – 30,5%.
Шунингдек, аёлларнинг турмуш ўртоқлари томонидан (29,4%) контрацепция воситаларидан фойдаланиш кузатилган. Аёлларнинг 12,1% и эса умуман контрацепция воситаларидан фойдаланмаслигини айтган.
Туғилиш даражаси юқорилигининг сабаблари сифатида, шунингдек, диний ёндашувлар таъсири ҳам ўрганилди. Аёлларнинг 86,9% и оиласида диний ёндашувларнинг фарзанд кўришга таъсири йўқ, деб кўрсатган. Аёлларнинг 12,1% и эса “жуда таъсир қилади”, деб айтган.
Шундай қилиб, сўров натижаларига кўра, туғилиш даражасининг юқорилигига асосий сабаблар:
аҳоли даромадларининг ошиши;
аҳоли орасида кўп фарзандлилик тенденциясига ижобий қарашларнинг шаклланиши;
тиббий маданиятнинг етарли даражада эмаслиги.
ПМТИ мутахассислари томонидан Ўзбекистонда туғилишга таъсир этувчи омилларнинг эмперик таҳлили ўтказилди. Таҳлил 2010-2021 йиллар оралиғи ва ҳудудлар бўйича Давлат статистика қўмитасининг манбалари асосида шакллантирилди. Тасодифий эффект модели (random effect model) ёрдамида ижтимоий ва иқтисодий омилларнинг туғилиш даражасига таъсири баҳоланди. Модель натижалари 1- жадвалда акс эттирилган.
Шундай қилиб эконметрик таҳлил натижаларига кўра, қуйидаги омиллар туғилиш даражасининиг ошишига олиб келар экан: аҳоли жон бошига тўғри келадиган реал даромадлар (6,3%), аёллар орасидаги ишсизлик (4%), кам таъминланганлар улушининг ошиши (1,2%), умр кўриш давомийлиги (0,19%).
Туғилиш даражасининг пасайишига олиб келувчи омиллар мактабгача таълим билан қамраб олиш (-0,02%) ва аёлларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси (-0,04%) эканлиги маълум бўлди.
Айтиб ўтиш жоизки, меҳнат муҳожирлари сони, ўртача иш ҳақи, иқтисодиётга киритилаётган жами инвестициялар ҳажми, аҳоли жон бошига ЯҲМ ҳажми, контратив воситаларидан фойдаланиш, абортлар, умумий ишсизлик даражаси каби омилларнинг таъсири статистик аҳамиятга эга эмаслиги маълум бўлди.
Таклифлар. Аҳолини сонининг нисбатан юқори суръатларда ошиб бориши мамлакат иқтисодиёти учун кенг имкониятлар яратади. Ўз навбатида кутилаётган юқори демографик салоҳиятнинг таъсирини билган ҳолда қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш зарур:
1.Давлат қарзи ортиб бораётган шароитда фискал юкни енгиллаштириш мақсадида таълим ва соғлиқни сақлаш бозорида хусусий иштирокчилар билан тизимли иш олиб бориш, уларга лицензия ва бошқа рухсатномалар бериш тизимини осонлаштириш.
2.Халқ депутатлари вилоят Кенгаши аъзолари бюджет маблағларини тақсимлашда ва ҳудудларнинг ижтимоий инфратузилмасини ўрта муддатли режалаштиришда демографик ривожланиш прогнозларини ҳисобга олишлари мақсадга мувофиқдир.
3.Демографик прогнозларни инобатга олган ҳолда, таълим ва соғлиқни сақлаш бозорининг халқаро ва маҳаллий иштирокчилари, шунингдек, тегишли технологияларни етказиб берувчилар таълим ва соғлиқни сақлаш хизматларига ўрта муддатли талаб мавжуд эканлигига ишонч билан қарашлари ва Ўзбекистонга сармоя киритишлари мумкин.
4.Прогнозлар натижалари энергия, сув ва ер ресурсларидан самарали фойдаланишни оширишга қаратилган мувофиқлаштирилган ва босқичли ислоҳотларни амалга ошириш муҳимлигини кўрсатади.