Бугунги глобал ўзгаришлар ва илдам ривожланиб бораётган замонда илмий изланишларга жиддий эътибор қаратадиган, энг янги технологияларни муваффақиятли ўзлаштирган, инновацияларни амалда қўллай олган, бунинг учун етарли даражада кучли молиявий ва интеллектуал ресурсларни ажратган мамлакатгина ҳозирги замон сиёсий ва иқтисодий пойгасида етакчилик қиладиган ва жаҳон саҳнасида олдинги ўринларни эгаллаган давлатга айлана олади.
Бу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президентининг сиёсати айнан шу йўналишга қаратилган бўлиб, унда олимларга бўлган эътибор, уларнинг ҳар томонлама ривожланишлари учун қулай-шарт шароитлар яратиб бериш вазифалари ҳуқуқий асослар билан ҳам белгилаб берилган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланиб келаётган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2021 йил 19 апрелдаги
222-сон қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан ёш олимлар учун етакчи хорижий илмий ташкилотларга қисқа муддатли илмий стажировкалар ташкиллаштириб келинмоқда.
Хориждаги нуфузли илмий институтларда ўз малакасини ошириб келишга муваффақ бўлган ёш олимлар ўз иш фаолиятларига доир зарур ва қизиқарли маълумотларни ҳамкасблари билан бўлишишлари, Вазирлик томонидан даврий равишда ўтказиладиган танлов тартиблари билан илмий-тадқиқот институтлари ва олий таълим муассасалари илмий ходимларини таништириш ҳамда 2022 йил сўнггигача амалга оширилган илмий стажировкалар сарҳисобини ўтказиш мақсадида жорий йилнинг 20 декабрь куни соат 10.00 да «Young Scientists Alumni Reunion 2022» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Давра суҳбати давомида Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдурахмонов сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ёш олимларга алоҳида эътибор ва кўмак бериш юзасидан топширилган вазифалари бўйича шу кунга қадар амалга оширилган ишлар бўйича маълумот берди.
Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ижро этувчи директори Бунёджон Охунов эса ёш олимларнинг стажировкага юборилиши бўйича рақамлар ва фактларга асосланиб ҳисобот берди.
Жумладан, 2018 йилдан шу кунга қадар 471 нафар ёш олимларни Россия, АҚШ, Германия, Буюк Британия, Жанубий Корея, Исроил каби 30 дан ортиқ етакчи хорижий давлатларга илмий стажировкаларга юбориш мақсадида 18 млрд сўмга яқин маблағ йўналтирилди. Ёш олимларимиз ушбу малака оширишлар давомида ўз соҳасиниг профессионаллари билан ҳамкорликда илмий изланишлар олиб бориб, ўз малака ва тажрибаларини орттиришга ҳамда хорижий илмий институтлар билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга эришмоқдалар.
Бундан ташқари тадбир давомида Жамғарма томонидан ташкиллаштирилган илмий стажировкаларда ўз малакасини ошириб келишга муваффақ бўлган ёш олимлар фаолияти ҳақида сўз борди ва ушбу стажировкаларда қатнашган ҳамда минтақалар кесимида координатор этиб белгиланган 7 нафар ёш олимлар иштирокчилар билан ўзларининг тажрибалари ва таассуротлари билан бўлишдилар. Координаторларнинг вазифаси келажакда стажировка ўташ учун бораётган ёш олимларга турли ташкилий ва илмий масалаларда ўз тажирибасидан келиб чиқиб маслаҳатлар бериш ва йўл-йўриқ кўрсатишдан иборат.
Тадбир сўнгида, 2022 йилда ўтказилган танловларда ғолиб бўлган 326 нафар ёш олимларга ҳам илмий изланишларида зафарлар тилаб, махсус сертификатлар топширилди.