Валюта курслари 27/09/2024
$1 – 12736.48
UZS – -0.17%
€1 – 14193.53
UZS – -0.52%
₽1 – 137.60
UZS – -0.33%
Қидириш
Ўзбекистон 28/10/2017 Ёшларга эътибор – келажакка пойдевор
Ёшларга эътибор – келажакка пойдевор
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритгач, юртимизда ўғил-қизларни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, маънавий етук ва жисмонан соғлом баркамол авлодни вояга етказиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида катта ишлар амалга оширилди. Бугунги кунда биз, ёшларнинг олдида мисли кўрилмаган имкониятлар ўз эшигини очмоқда. Бунинг учун биздан фақатгина ўқиш ва билим олиш талаб этилади, холос.

2017 йилнинг 30 июнь санаси биз ёшлар учун унутилмас сана бўлди, десам муболаға бўлмайди. Айнан шу куни Ўзбекистон «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойи қарорига мувофиқ, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилиб, 30 июнь мамлакатимизда «Ёшлар куни» деб эълон қилинди.

Шундан сўнг, "Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони эълон қилинди. Бундан ташқари, мазкур соҳадаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги Қонуни бугунги давр талабларига мос равишда ҳар томонлама баркамол, мустақил фикрлайдиган, мамлакатимиз истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, ташаббускор, халқ манфаати йўлида бор салоҳиятини сафарбар қиладиган, шижоатли ёшларни тарбиялаш, уларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратди.

Шуни қайд этиш жоизки, 2017 - 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси демократик давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасидаги ислоҳотларда ёшлар фаоллигини ошириш билан боғлиқ бир қатор янги ва муҳим вазифаларни белгилаб берди.

Эндиликда, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи республикада ёшларга оид давлат сиёсатининг амалга оширилишида давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорликни таъминловчи, «Ёшлар — келажак бунёдкори» шиори остида профессионал фаолиятни амалга оширувчи тузилмага айлантирилди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятининг қатор устувор йўналишлари белгилаб берилдики, уларнинг айримларини келтириб ўтишни лозим топдик: ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, онги ва қалбида мустақиллик ғояларига содиқлик, миллий ўзликни англаш, Ватанга муҳаббат ва унинг тақдирига дахлдорлик, фидойилик ҳиссини қарор топтириш ва ривожлантириш, турли мафкуравий таҳдидлардан асраш, демократик давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасидаги ислоҳотларда ёшлар фаоллигини ошириш, юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, қатъий ҳаётий позиция, кенг дунёқараш ва чуқур билимларга эга ташаббускор, шижоатли, эл-юрт манфаати йўлида бор куч-ғайрати, билим ва салоҳиятини сафарбар қиладиган, мамлакат истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир ёшлар сафини кенгайтириш, ёшларнинг замонавий касб-ҳунарларни пухта эгаллаши учун муносиб шароитлар яратиш, бандлигини таъминлаш, ишбилармонлик қобилиятини ривожлантириш, уларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг жалб этиш, ташаббусларини рағбатлантириш, интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқаришига кўмаклашишдир.

Ҳозирги ёшларда илмий ва бадиий китобларни, жумладан, электрон асарларни ўқишга бўлган қизиқиш ошиб бормоқда. Шу билан бирга ҳуқуқий, экологик, тиббий ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш маданиятини юксалтириш орқали ёшларда турли мафкуравий таҳдидларга, хусусан, диний экстремизм, терроризм, «оммавий маданият» ва бошқа ёт ғояларга қарши мустаҳкам иммунитетни шакллантириш керак.

Биз ёшлар мамлакатимизнинг келажагига бефарқ қараб тура олмаймиз, керак бўлса юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирок этишимиз лозим. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи олдига халқ манфаатларига садоқат билан хизмат қиладиган билимли, ташаббускор, ишбилармон, ҳалол ва фидойи ёш раҳбар кадрларни тарбиялаш, захирасини яратиш ва уларни давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг масъул лавозимларига тавсия этиш вазифаси ҳам юклатилганлиги бизлар учун нур устига аъло нур бўлди. Айниқса, 2017 йилнинг 14 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошида Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш Институти фаолиятини ташкил этиш чоралари тўғрисида”ги қарорни имзолаганлари барчамизни мамнун қилди ва олдимизда катта истиқбол эшикларини очди. Шахсан мен бу институтнинг очилганлигини эшитганимда унда ўқиш ниятим пайдо бўлди. Институт билан боғландим ва унинг асосий мақсад ва вазифаларини билиб олдим.

Менга маълум қилишларича, институт ёшлар муаммоларини ўрганиш, бу йўналишда илмий-тадқиқот ва таҳлилий фаолиятни олиб бориш, шунингдек, истиқболли ёш кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга йўналтирилган. Шу билан бирга, истиқболли ёш кадрларини қайта тайёрлаш 4 ойлик давомийликка эга дастур асосида, асосий иш жойидаги фаолиятларининг тўхтатиб турилиши орқали олиб борилиб, кейинчалик белгиланган намунадаги диплом берилар экан.

Мен ўзим фаолият олиб бораётган Тошкент шаҳридаги Инҳа университети раҳбариятига мазкур институтда ўқиш ниятим борлигини айтганимда, университет ректори Сарвар Бабаходжаев мени ҳар томонлама қўллаб-қувватладилар ва тавсиянома ёзиб бериб, омад тиладилар. Барча керакли ҳужжатларни тўплаб, институтга топширдим.

Шундан сўнг Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан келган номзодлар (номзодлар 30 ёшгача бўлиши, таянч олий маълумот ва камида 2 йиллик меҳнат стажига эга бўлиши лозим) икки босқичли танловдан ўтдик. Биринчи босқичда Ўзбекистон тарихи фанидан имтиҳон (тест), иккинчи босқичда талабгорларнинг етакчилик қобилияти ва дунёқарашини аниқлашга қаратилган суҳбат ўтказилди. Менда айниқса суҳбат жараёни катта тассурот қолдирди. Унда биз Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлардан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг мақсади ва вазифаларидан, ёшларга оид давлат сиёсатидан хабардор бўлишимиз керак эди.

Барча босқич синовларидан ўтгач, танлов натижаларини кута бошладик. Ўтказилган тест синовлари ҳамда суҳбат натижаларига кўра, 100 ва ундан юқори балл тўплаган ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан тавсия этилган 4 ойлик қайта тайёрлаш курсларига ўқишга қабул қилинган тингловчилар рўйхати эълон қилинди ва мен мазкур рўйхатдан ўрин олган эдим.

Бугунги кунда мен мазкур институтнинг қалдирғоч тингловчиларидан бириман.дарсларимиз ҳафтасига 6 кун, соат 9-00 дан 16-30 гача давом этади. Шуни қайд этишим керакки, соат 9-00 дан 16-30 гача ўқув фанлари билан банд бўлсак, соат 16-30 дан 20-00 гача мустақил равишда ўз устимизда ишлаймиз. Бизнинг чуқур билим олишимиз учун барча қулайликлар ва шароитлар яратилган, мисол учун бепул интернет (WiFi), ўқув дарсликлари ва китобларга жудаям бой кутубхона, саломатлигимизни тиклаб туришимиз учун спорт тренажерлари, бассейн, ҳамда футбол майдони бизнинг ихтиёримизда.

Биз билим олаётган фанларни санаб ўтсам: Давлатнинг иқтисодий сиёсати, Ахборот хавфсизлиги ва мафкуравий таҳдидлар, Ўзбекистон Республикасининг Ҳаракатлар стратегияси (Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш юзасидан қабул қилинган ўрта муддатли стратегия ва дастурлар асосида), Бизнес мулоқатда инглиз тили, Бошқарув психологияси ва социологияси, Фуқаролик жамияти асослари, Давлат ва жамият бошқарувининг ҳуқуқий асослари, Ўзбек давлатчилиги ва стратегик тараққиёт тарихи, Лойиҳаларни бошқариш асослари, Давлат бошқарувида ёшлар сиёсати, Стратегик бошқарув, Бошқарувнинг маънавий асослари ҳамда Бошқарувда лидерлик ва ёшлар психологияси. Бизга сабоқ бераётган устозларимизнинг барчаси фан доктори, профессорлар бўлиб, уларнинг кўпчилиги ҳорижда докторлик диссертациясини ёқлашган. Дарсларни ҳам ўзгача ёндашув билан ўтишади.

Бугунги кунда биз мазкур институтнинг биринчи қалдирғочларимиз. Биз ҳамиша, ҳар дақиқада, муҳтарам президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг эътиборларини, бизга бўлган умид ва ишончларини ҳис қилиб турибмиз. Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қуранбаев Қаҳрамон Қўчқорович тез-тез келиб, бизнинг ўқишимиздан хабар олиб туради. Биз институтни бираётган дастлабки қалдирғочлар эканмиз, ватанпарвар, баркамол ва етук раҳбар, ҳар томонлама замонавий билимларни эгаллаган шахс бўлишимиз зарур. Биз, ёшларга давлатимиз раҳбарияти томонидан берилаётган бу юксак ишончни оқлашимиз керак ва биз буни уддалаймиз деб ишонч билан айтаман!

Джалилов Бехзод Шерзадович
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошида Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш Институти тингловчиси

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг