Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Ўзбекистон 23/10/2023 Ёшлар ҳуқуқларига бағишланган Марказий Осиё ёшлар форуми ўз ишини бошлади
Ёшлар ҳуқуқларига бағишланган Марказий Осиё ёшлар форуми ўз ишини бошлади

2023 йил 23 октябрь куни Тошкент шаҳрида “Ёшлар ҳуқуқлари: имкониятлар ва ҳимоя қилиш механизмлари” мавзусидаги халқаро форумнинг очилиши ноанъанавий тарзда – маънавий-бадиий саҳна намойиши билан бошланди. Муҳташам мажлислар зали узра Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидовнинг “Инсон” қасидаси иқтидорли ёшлар ижросида ўзбек, инглиз ва рус тилларида янгради. 

Ушбу халқаро анжуман дунё ҳамжамияти томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти куни деб эълон қилинган тарихий сана – 24 октябрь арафасида ўтказилаётганида ўзига хос рамзий маъно бор. Марказий Осиё ёшлар форуми Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 12 майдаги Фармони билан тасдиқланган “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури” доирасида ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов халқаро форумни очар экан, ушбу жаҳон анжуманининг ўзига хос хусусиятлари, долзарблиги ва муҳимлигини кўрсатадиган қуйидаги мезонларни алоҳида таъкидлади:

биринчидан, Марказий Осиё ёшлар форуми Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллиги ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Вена бутунжаҳон конференциясининг 30 йиллигини кенг нишонлаш доирасида бўлиб ўтмоқда;

иккинчидан, мазкур Форум аҳолисининг қарийб ярмини ёшлар ташкил этадиган Марказий Осиё минтақасида ёшлар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича бирдамлик ва ҳамкорликни ўзида рамзий ифодалайди;

учинчидан, Форум Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Бош Aссамблеяси 78-сессиясида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида Марказий Осиё ёшларини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича Ишчи гуруҳни ташкил этиш тўғрисидаги ташаббусини амалга ошириш доирасида ўтказилмоқда; 

тўртинчидан, шакл ва мазмун жиҳатидан ўзига хос тарзда – онлайн ва офлайн шаклда ўтказилаётган ушбу халқаро анжуманда минтақамиз мамлакатларининг 500 дан ортиқ ёшлари, жумладан ёшлар парламенти аъзолари, ёшлар ташкилотлари етакчилари ва фаол навқирон инсонлар, шунингдек, мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги олий таълим муассасалари талаба-ёшлари қатнашмоқда;

бешинчидан, Форум майдонида ёшлар билан ўтказиладиган маслаҳатлашувлар натижаларидан 2023 йил декабрь ойида Женевада ўтадиган юқори даражадаги тадбирда тақдим этилиши режалаштирилаётган “Инсон ҳуқуқлари – 75” ёшлар декларацияси лойиҳасини ишлаб чиқишда фойдаланилади.

Марказий Осиё ёшлар форуми иштирокчиларини, шунингдек, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори Маттео Мекаччи видеомурожаат орқали табриклади. 

БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий мувофиқлаштирувчиси номидан – ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги вакили в.б. Жофри Ижумба Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти амалдаги раисининг Ёшлар масалалари бўйича махсус вакили Мемет Жаку ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси вакили Муҳаммад Лавал Сулаймоннинг қутлов сўзлари тингланди.

Сўзга чиққанлар Марказий Осиё ёшлар форуми унинг иштирокчилари учун ёшлар ҳуқуқлари ва имкониятларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш механизмлари бўйича зарурий билимларга эга бўлиш, ўзаро тажриба алмашиш, долзарб ғоя ва лойиҳаларни рўёбга чиқариш учун қулай ахборот-маърифат ва амалий муҳокама-мунозара майдонига айланишига ишонч билдирдилар. Бунда халқаро анжуман иши давомида сиёсатчилар ва жамоат арбоблари, илмий-академик доиралар намояндалари ва тадбиркорлар, Ўзбекистон ва дунё ёшлари вакиллари ўртасида бўлиб ўтадиган жонли мулоқотлар муҳим аҳамият касб этишига эътибор қаратилди.

Шундан сўнг жаҳон анжумани ўз ишини учта ялпи мажлис доирасида давом эттирди.

Форумда миллий ва хорижий экспертлар, Марказий Осиё мамлакатлари ёшлар ташкилотлари етакчилари, ёшлар парламентлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, шунингдек, ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари – 800 нафардан ортиқ иштирокчи қатнашмоқда. 

Халқаро форумнинг асосий миллий ташкилотчиси Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳисобланади. Ушбу нуфузли анжуман Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар иттифоқи ҳамда Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси билан ҳамкорликда ўтказилмоқда. Шунингдек, мамлакатимиздаги барча ёшлар ташкилотлари халқаро форумга фаол жалб этилган. 

Форумни ташкил этишда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси, Олий комиссар Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими, БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий мувофиқлаштирувчиси офиси, БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, Фридрих Эберт номидаги жамғарма каби халқаро шериклар билан яқин ҳамкорликда иш олиб борилди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг