Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Айни кунларда Малайзиянинг Кота-Кинабалу шаҳрида каратэ бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида Осиё чемпионати бўлиб ўтмоқда. Қувонарлиси, мазкур чемпионатда терма жамоамиз вакили Бону Эгамбердиева кумитэ баҳсларида олтин медалга эга бўлди. -53 килограмм вазн тоифасида татамига чиққан вакиламиз финал йўлида Шри-Ланка, Ҳиндистон, Қозоғистон, олтин медаль учун кечган баҳсда эса Хитой терма жамоаси вакилини мағлуб этди.
Таъкидлаш жоиз, мазкур мусобақа доирасида Осиё каратэ федерациясининг навбатдан ташқари Конгресси ҳам ўтказилиб, унда қатор масалалар кўриб чиқилди. Унда кун тартибига қўйилган асосий масала пойтахтимиз жорий йил мезбонлик қиладиган Осиё чемпионати санасининг тасдиқланиши бўлди. Иштирокчи делегатларнинг барчаси ўтказиладиган сана ва номзод шаҳарни тасдиқлаб, уни бир овоздан қўллаб-қувватлашди. Шу тариқа Тошкентда ўтадиган Осиё чемпионати 15-21 июль кунлари ўтказилиши расман тасдиқланди.
Манба: Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси.