Республика ишчи гуруҳи ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий вазиятни ўрганиш, аҳоли муаммоларини ҳал этиш ҳамда «Обод хонадон - обод кўча - обод маҳалла» мезонларини жорий этиш бўйича ўз фаолиятини Навоий ва Фарғона вилоятларида давом эттирмоқда.
Уйма-уй юриб ўрганишлар натижалари жойларда аҳоли кайфиятига салбий таъсир кўрсатаётган қатор муаммолар сақланиб қолаётганлигини кўрсатмоқда. Хусусан, аҳоли зич яшайдиган ҳудудлардаги кўп қаватли уй-жойларнинг коммунал соҳаси, электр таъминоти, ички йўллар, ижтимоий соҳа объектлари ҳолати каби масалалар билан боғлиқ муаммолар.
Аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида қатор ишлар амалга оширилди.
Жумладан, Навоий вилоятида Республика ишчи гуруҳи масъуллари ташаббуси билан ички йўлларнинг 20,7 км йўл таъмирланди. Шундан, 10,3 км йўл шағаллаштирилди, 10,4 км йўлга асфальт ётқизилди. Электр таъминотини яхшилаш мақсадида 274 та темир бетон таянчлар, 12 та трансформатор ўрнатилди, 14,2 км янги тармоқ тортилди. Аҳоли мурожаатидан келиб чиққан ҳолда қўшимча 195,5 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди. Ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 15,7 км янги тармоқ тортилди, 1 та сув иншоотини таъмирлаш, 1 та сув йиғиш резервуарини ўрнатиш ишлари амалга оширилди.
Вилоятдаги 72 та кўп қаватли уйларда таъмирлаш ишлари амалга оширилди. 38 та уйнинг кириш йўлаклари таъмирланди, 16 та уйга темир эшиклар ўрнатилди, 11 та уйнинг том қисмини, 9 та уйнинг фасад қисмини таъмирлаш ҳамда ушбу уйларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Навоий вилоятида 2023 йилда давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган қурилиш таъмирлаш ишлари учун 119 та объектга 15,8 млрд. сўм молиялаштирилишига кўмаклашилди.
Тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида тижорат банклари томонидан 2 877 нафар фуқаро ва тадбиркорлик субъектларига жами 89,2 млрд. сўм кредит ажратилди. Жумладан, Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 430 нафар фуқарога 9,4 млрд. сўм имтиёзли кредитлар ажратилди.
Тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш мақсадида фаолиятини бошламоқчи бўлган ишсиз, шу жумладан, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган 52 нафар фуқароларга фаолиятини бошлаш учун керак бўлган 252,4 млн. сўмлик асбоб-ускуна ва меҳнат қуроллари субсидия асосида олиб берилди. Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси томонидан 25 нафар кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси, моддий ёрдам тайинланиб, амалий ёрдам кўрсатилди.
Фарғона вилоятида ҳам бу каби қатор амалий ишлар олиб борилди.
Хусусан, йўл, коммуникация тармоқлари, инфратузилма ҳолатини яхшилаш мақсадида жами 22,05 км ички йўлларга асфальт қопламаси ётқизиш ва шағаллаштириш ишлари бажарилди. Электр таъминотини яхшилаш мақсадида 350 дона темир-бетон таянчлар, 2 дона трансформатор ўрнатиш ҳамда 5,7 км электр тармоқ тортиш ишлари бажарилди. Ичимлик сувини яхшилаш борасида 3 км ичимлик суви тармоғи тортилди.
Коммунал хўжалиги соҳасини яхшилаш борасида Марғилон шаҳрида кўп қаватли уйларнинг кириш йўлагидаги фрамуга ромлари пластик ромларга алмаштирилиб, мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилди. Ёки Учкўприк туманида 30 та кўп қаватли уйларга уланиши режалаштирилган қиймати 1,2 млрд. сўмлик маҳаллий оқова сув тармоғи тортиш ишлари олиб борилмоқда ҳамда кўп қаватли уйларни оқова сув тармоғига улаш ишлари бошланди.
Кредит, субсидия ажратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш масаласида ҳам қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Фарғона вилояти тижорат банклари томонидан 2 208 нафар фуқаро ва тадбиркорлик субъектларига 122,3 млрд. сўм миқдорида кредитлар ажратилиши таъминланди. Шундан, оилавий тадбиркорлик йўналишида 677 тага 11 241,0 млн. сўм, саноат соҳаси йўналишида 9 тага 11 162,0 млн. сўм, хизмат кўрсатиш соҳасига 64 тага 31 693,0 млн. сўм маблағ ажратилди.
Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги томонидан Фарғона шаҳридан 24 нафар ишсиз хотин-қизларга
маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчиларининг тавсиясига асосан, ўзини банд қилиш мақсадида 117,5 млн. сўмлик субсидия асосида 24 та тикув машиналари етказиб берилди.
Ишлар давом этмоқда.