Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Иқтисодиёт ва молия вазирлигида Яшил иқтисодиётга асосланган қарз дастурининг (PBL) иккинчи босқичини баҳолашга бағишланган семинар ташкил этилди. Муҳокамалар иқлим ўзгаришига мослашиш ва ҳукумат томонидан кўрсатилаётган қўллаб-қувватлаш механизмларига бағишланди.
Мазкур дастур доирасида қазилма ёқилғилари субсидияларини хатловдан ўтказиш ва қисқартириш, иқтисодиётни декарбонизатсиялаш бўйича узоқ муддатли стратегияни ишлаб чиқиш, миллий миқёсда иссиқхона газлари ташланмаларининг мониторинги, ҳисоботи ва текшируви (МRV) тизимини жорий этиш, “яшил” бюджетлаштириш ва солиққа тортишни жорий қилиш ҳамда бошқа йўналишларда ишлар амалга оширилди.
Семинарда халқаро томондан Франция тараққиёт агентлиги (АFD) Бошқарув гуруҳи раҳбари Патрик Блин, Франция Тараққиёт Агентлиги консультанти Доктор Рупиндер Сингҳ, Expertise France дастур координатори Марйна Мореау, ўзбек томонидан эса, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Яшил иқтисодиётга ўтиш ва ривожлантиришни мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Шохзод Исламов ва бошқа тегишли бўлинмалар мутахассислари иштирок этди.
Семинарнинг асосий мақсади Яшил иқтисодиёт PBL дастурининг иккинчи босқичини баҳолаш бўлиб, ушбу лойиҳа Ўзбекистон Давлат бюджетини кредит маблағларини ажратиш орқали қўллаб-қувватлашга йўналтирилган. Муҳокамалар давомида Ўзбекистоннинг яшил иқтисодиётга ўтиш жараёнида сиёсий ва институционал мустаҳкамлаш, яшил молиявий сиёсатларни жорий этиш ҳамда давлат ва хусусий сектор инвестицияларини рағбатлантиришнинг аҳамияти таъкидланди.
Дастур иккинчи босқичининг муҳим қадами сифатида иссиқхона газлари (GHG) чиқиндиларини мониторинг ва тасдиқлаш тизимларини яратиш, ҳамдаЎзбекистоннинг яшил иқтисодий ўсиш бўйича эришган натижалари ҳақидаги ҳисоботни чоп этиш белгиланган.
Баҳолаш жараёни мантиқий ёндашув асосида олиб борилиб, дастур долзарблиги, мослиги, самарадорлиги, таъсири ва барқарорлиги бўйича беш асосий саволга жавоб берилди. Умумий баҳолаш натижаларига кўра, PBL миллий яшил иқтисодий ўсиш устуворликларини белгилаш ва ҳукуматнинг жалб қилинишини таъминлашда муҳим роль ўйнаган. Шунингдек, узоқ муддатли барқарорликни таъминлаш учун ташқи ёрдам ва ички сиёсий ислоҳотларни давом эттириш зарурлиги қайд этилди.
Баҳолаш натижалари бўйича берилган тавсиялар ривожланиш ҳамкорлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, барқарор сиёсий мулоқотни давом эттириш ва Ўзбекистоннинг яшил ташаббуслари бўйича жамоатчилик хабардорлигини ошириш муҳимлигини таъкидлади.
Ушбу семинар Ўзбекистоннинг барқарор ва мустаҳкам яшил иқтисодиётни ривожлантиришга содиқлигини яна бир бор намойиш этди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги халқаро ҳамкорлари билан биргаликда самарали сиёсатларни амалга ошириш ва барқарор ривожланиш учун зарур ресурсларни жалб этишда давом этади.