Валюта курслари 11/03/2025
$1 – 12940.11
UZS – 0.17%
€1 – 14055.55
UZS – 0.74%
₽1 – 145.62
UZS – 0.67%
Қидириш
Иқтисод 09/03/2025 Яқин уч йилда Ўзбекистонда умумий қиймати 2,6 миллиард долларлик 76 та лойиҳа амалга оширилади

Яқин уч йилда Ўзбекистонда умумий қиймати 2,6 миллиард долларлик 76 та лойиҳа амалга оширилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев 7 март куни саноат учун муҳим минераллар хомашё базасини кенгайтириш ва қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича тақдимот билан танишди.

Юртимиз ҳудудида вольфрам, молибден, магний, литий, германий, графит, ванадий ва титан каби 30 дан ортиқ саноат учун муҳим минераллар мавжуд. Лекин илгари бу имконият тўла юзага чиқарилмаган. Қазилмаларни қидириш, техноген чиқиндиларни қайта ишлаб, фойдали моддаларни ажратиб олиш ва улардан маҳсулот тайёрлашга инвестиция киритилмаган эди.

Сўнгги йилларда ташкилий асос яратилиб, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар олиш бўйича ишлар бошланди. Тақдимотда тоғ-кон саноати ва геология вазири бу йўналишдаги имкониятлар ҳақида ахборот берди.

Келгуси уч йилда 28 та ноёб минерал бўйича 2,6 миллиард долларлик 76 та лойиҳани амалга ошириш мўлжалланмоқда. Бунинг учун хомашё базасини кенгайтириш мақсадида геология-қидирув ва илмий-тадқиқот ишларига қўшимча маблағ ажратиш кўзда тутилмоқда.

Энг асосий вазифа – замонавий технологияларни қўллаб, қиммат хомашёни рудадан ажратиб олиш, софлигини ошириш ва юқори қийматли маҳсулотлар яратиш экани кўрсатиб ўтилди. Масалан, “Ингичка” конидаги вольфрам концентрати бойитилса, қўшилган қиймат 2 карра ошади. Ҳозирча шу каби 18 та лойиҳа ишлаб чиқилган.

Соҳада “хомашё – қайта ишлаш – илм ва технология – тайёр маҳсулот” занжирини кенгайтириш мақсадида молибден ва вольфрамга бой Тошкент ва Самарқанд вилоятларида технопарклар ташкил қилиш таклифи билдирилди.

Давлатимиз раҳбари бу борада саноат тажрибалари ва технология трансферини амалга ошириш, замонавий лаборатория ва ўқув марказлари очиш бўйича топшириқлар берди. Умуман, “тўртинчи саноат инқилоби” даврида муносиб ўринга эга бўлиш учун мустаҳкам замин яратиш зарурлиги таъкидланди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг