Валюта курслари 30/09/2024
$1 – 12715.42
UZS – -0.17%
€1 – 14190.41
UZS – -0.02%
₽1 – 137.00
UZS – -0.44%
Қидириш
Ўзбекистон 16/03/2019 Японияда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг ваколатхонаси очилади
Японияда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг ваколатхонаси очилади

Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Шу кунларда мамлакатимиз идоралараро делегацияси таркибида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурханов Япония давлатида қатор масалалар юзасидан учрашувлар ўтказмоқда. Жумладан, Ўзбекистонда маъмурий ислоҳотларни амалга ошириш, суд-ҳуқуқ тизимидаги ҳамкорлик масалалари бўйича музокаралар олиб борилмоқда. шунингдек, ушбу мамлакатда меҳнат фаолиятини олиб бораётган ва таҳсил олаётган ватандошлар билан учрашиб, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши ва уларнинг самарали амалга оширилиши юзасидан таклифлари ўрганилмоқда.

Делегация аъзолари ташриф давомида Япониянинг икки йирик шаҳарлари – Токио ва Нагояда истиқомат қилаётган ва таҳсил олаётган ўзбекистонликлар билан қатор долзарб масалаларни муҳокама қилдилар. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Япониядаги элчихонасида ватандошлар билан бўлиб ўтган учрашув давомида ўзаро алоқаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида Токио шаҳрида Ўзбекистон Маданият ва ма’рифат марказини очиш таклифи илгари сурилди. Ушбу марказда ўзбек миллий байрамларини ўтказиш, она тилимиз ва тарихимизни хорижликларга танитиш, турли муҳокама ва учрашувларни ташкил этиш ва яна бошқа кўплаб лойиҳаларни амалга ошириш мумкин бўлади.

Бундан ташқари, Япониянинг Нагоя шаҳрида талабалар, олий ўқув юртларида фаолият юритаётган ўзбекистонлик профессорлар, етакчи компаниялар мутахассислари ҳамда “Буюк келажак” экспертлик кенгаши аъзолари иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Иштирокчилар томонидан “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг хориждаги ваколатхонасини ташкил этиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Ҳар иккала таклиф ҳам делегация аъзолари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Япониядаги элчихонаси вакиллари томонидан қўллаб-қувватланди. Таъкидланишича, Нагояда ташкил этиладиган “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг ваколатхонаси хориждаги ватандошлар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш ва уларни Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёнига фаол жалб қилиш учун хизмат қилади. Шунингдек, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришларни амалга оширишда ҳамюртларимизнинг ҳам фикр ва таклифларини ўрганиш, таҳлил қилиш каби вазифаларни бажаради.

Шу билан бирга, Ўзбекистон делегацияси Япония парламенти вакиллари билан бир қатор учрашувлар ўтказди. Япония парламентининг вакиллар палатаси аъзоси, собиқ Адлия вазири Ёко Камикава билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув давомида собиқ вазир Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Адлия вазирлиги ва парламент аъзоларини келгуси йилнинг апрел ойида Киото шаҳрида бўлиб ўтадиган БМТнинг Жиноятчиликни олдини олиш бўйича 14-Конгрессида иштирок этишга таклиф қилди.

Япония парламенти маслаҳатчилар палатаси аъзоси, Япониянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Кёко Накаяма Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, жорий йил Тошкент шаҳрида ўтказиладиган навбатдаги ўзбек-япон парламентлараро форумини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини билдирди. Ўз навбатида, Япония Адлия вазири ўринбосари Хироаки Кадояма вазирлик Ўзбекистондаги маъмурий ислоҳотларни амалга оширишда қўмаклашишини маълум қилди.

Манба:“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати расмий сайти.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг