Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Иқтисод 27/08/2018 Январь-июль ойларида чакана савдо товар айланмаси 68,9 трлн. сўмни ташкил этди
Январь-июль ойларида чакана савдо товар айланмаси 68,9 трлн. сўмни ташкил этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Республика бўйича жорий йилнинг январь-июль ойларида чакана савдо товар айланмаси 68,95 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,0 фоизга ўсди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси Матбуот хизмати хабар беради.

Шу жумладан, йирик корхоналарнинг товар айланмаси 9036,8 млрд. сўмни (ўсиш суръати 18,5 фоиз), кичик тадбиркорлик субъектларининг товар айланмаси 59916,8 млрд. сўмни (ўсиш суръати 2,2 фоиз) ҳамда уюшмаган савдода товар айланмаси 8806,6 млрд. сўмни (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,9 фоизга камайган) ташкил этди.

2017 йилнинг шу даврига нисбатан республиканинг барча ҳудудларида чакана савдо товар айланмасининг ўсиш суръатлари кузатилиб, нисбатан юқори ўсиш суръатлари Бухоро, Жиззах, Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида қайд этилди.

Чакана савдо товар айланмаси таркибида йирик корхоналарнинг товар айланмаси ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18,5 фоизга ўсди ва 9036,8 млрд. сўмни ташкил қилди. Бу эса умумий савдо ҳажмининг 13,1 фоиз улушига тўғри келади.

Кичик тадбиркорлик субъектларининг чакана савдо товар айланмаси ҳажми статистик ҳисоб-китобларга кўра, 59916,8 млрд. сўмни ташкил этиб, 2017 йилнинг январь-июль ойларига нисбатан 2,2 фоизга ўсишга эришди.

2018 йил январь-июль ойларида чакана савдо товар айланмаси республика бўйича аҳоли жон бошига 2103,6 минг сўмни ташкил қилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,3 фоизга кўпайган.

Республиканинг барча ҳудудларида аҳоли жон бошига чакана савдо товар айланмаси ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ошган. Бошқа ҳудудларга нисбатан ушбу кўрсаткич Тошкент шаҳри (6311,8 минг сўм), Навоий вилояти (2808,8 минг сўм) ва Тошкент вилоятида (2542,4 минг сўм) сезиларли даражада юқори бўлиб, буни ушбу ҳудудларда йирик савдо ва саноат корхоналарининг жойлашганлиги билан изоҳлаш мумкин.

2018 йилнинг ўтган даври мобайнида чакана савдо товар айланмаси таркибида овқатланиш ташкилотларининг савдо айланмаси 2,8 фоизни ташкил этиб, 1948,3 млрд. сўмга етди ёки ўтган йилнинг январь-июль ойларига нисбатан 0,6 фоизга ўсишга эришилди. Бунда жами савдо айланмасининг 85,9 фоиз улуши кичик тадбиркорлик субъектлари улушига тўғри келмоқда.

Йил бошидан республика бўйича улгуржи савдо товар айланмаси 30964,7 млрд. сўмни ташкил қилди ва 2017 йилнинг шу даврига нисбатан 4,2 фоизга ўсди. Улгуржи товар айланмаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қуйидаги ҳудудларнинг ўсиш суръатида камайиши кузатилди: Қашқадарё вилояти - 92,0 %, Самарқанд вилояти – 97,6 %, Фарғона вилояти -99,7 %, Ташкент шаҳри – 99,6 %.

Кичик корхона ва микрофирмаларнинг улгуржи савдо товар айланмаси 3,8 фоизга ошди ва 20596,1 млрд. сўмга етиб, умумий улгуржи савдо товар айланмасидаги улуши 66,5 фоизни ташкил қилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг