Валюта курслари 22/01/2025
$1 – 12984.44
UZS – 0.07%
€1 – 13442.79
UZS – 0.52%
₽1 – 129.90
UZS – 1.78%
Қидириш
Ўзбекистон 21/01/2025 Янги қонун лойиҳаси Ўзбекистонда гумон қилинувчилар, айбланувчилар ва судланувчиларнинг ҳуқуқларини мустаҳкамлайди

Янги қонун лойиҳаси Ўзбекистонда гумон қилинувчилар, айбланувчилар ва судланувчиларнинг ҳуқуқларини мустаҳкамлайди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси янги таҳрирда қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда.

Қонун лойиҳаси билан Жиноят-процессуал кодекс ҳамда “Судлар тўғрисида”ги Қонунга қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш

ва қўшимчалар киритилмоқда:

— жиноят содир этганликда айбланаётган шахс унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда ошкора суд муҳокамаси йўли билан исботланмагунча ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча айбсиз деб ҳисобланиши;

— гумон қилинувчига, айбланувчига ва судланувчига ўзини ҳимоя қилиш учун барча имкониятларни таъминланиши;

— айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши кераклиги;

— гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмаслиги ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкинлиги;

— ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмаслиги;

— агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги;

— шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслигини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиляпти.

Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши янги таҳрирдаги Конституциямизнинг сўзсиз ва тўлиқ амалга оширилишини, унда мустаҳкамланган устувор принципларнинг Янги Ўзбекистон ғоясига ҳамоҳанг тарзда рўёбга чиқарилишини, фуқароларнинг суд орқали ҳимоя қилиниш ҳуқуқи кафолатларини таъминлашга хизмат қилади.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг