Кончилик иши бўйича юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш тизими дунёнинг энг ривожланган ва иқтисодиёти бақувват давлатлардагина мавжуд. Сабаби – бу ноёб касб эгаларини тайёрлаш жуда катта маблағ, моддий-техник база ва лабораторияларни талаб этади. Мазкур мамлакатлар сони оз бўлиб, уларнинг қаторига АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, Россия ҳамда Европа мамлкатлари киради. Ана шундай давлатлар рўйхатига Ўзбекистон ҳам қўшилди.
2024 йил Ўзбекистон тоғ-кончилиги ва олий таълим тизимида янги бурилиш даври бўлди. Ўтган мустақиллик даврида мамлакатимизда илк бор бутун дунёда ноёб ҳисобланган «Кон муҳандис»лари тайёрланди.
Гап шундаки, жорий йилнинг 17 февраль куни Олмалиқ шаҳридаги Миллий технологик тадқиқотлар университети «МИСиС» филиалида «Очиқ кон ишлари», «Фойдали қазилмаларни ер остида қазиб олиш», «Кончилик машиналари ва жиҳозлари», «Фойдали қазилмаларни бойитиш» ихтисосликлари бўйича беш ярим йил таълимдан сўнг илк 74 нафар талабага «Кон муҳандислари» дипломлари топширилди.
Тантанали маросимда «Олмалиқ КМК» АЖ бошқарув раисининг ўринбосари С.Шерматов, Ўзбекистон Республикасидаги «Россотрудничество»нинг раҳбари И.Старосельская, Миллий технологик тадқиқотлар университети «МИСИС»нинг проректори В.Петров, Ўзбекистон Республикаси Олий таъли, фан ва инновациялар вазирлиги масъул ходимлари ҳамда Филиалнинг ҳамкор корхона ва ташкилотларнинг рахбарлари иштирок этди.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, Миллий технологик тадқиқотлар университети «МИСиС» Олмалиқ филиали 2018 йили Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинларнинг ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, бугунга қадар тоғ-кончилик соҳасида 241 та мутахассис тайёрланган.
Ҳозирда Филиал таълим сифатини ошириш мақсадида, 30 дан ортиқ ҳорижий илмий-тадқиқот институлари ҳамда металлургия компаниялари билан ҳамкорлик қилмоқда. Улар қаторида Россия фанлар академияси, Қозоғистон миллий фанлар академияси, «СтальПроект», «Металлургия» институтлари ҳамда «Nord Engineering», «Kanex Group», «China ENFI Engineering Corporation», «Норильский Никель» комбинати, «Средазцветметэнерго» компанияси ва бошқалар.