Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Жорий йилнинг сентябрь ойидан, яъни янги ўқув йилидан бошлаб умумий мактабларнинг 8-синф ўқувчиларига география фани инновацион дарслик ёрдамида ўтилади. Дарслик Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ходими Жаҳонгир Мусаев томонидан яратилган бўлиб, китоб саҳифаларида ўрин олган QR кодлар орқали турли қизиқарли (харита, диаграмма, инфографика, аудио, видео, матн кўринишидаги) маълумотлар билан танишиш мумкин.
Авваллари дарсликлардаги иллюстрациялар асосан фото-расмлардан иборат бўлган бўлса, эндиликда улар ўрнини турли диаграммалар, харита-чизмалар эгаллади. Сўнгги 2 йил ичида эса дарсликларга инфографикаларни жойлаштириш бошланди. Албатта, бу каби ўзгаришлар дарсликнинг ўқимишлилигини оширади, дарслик саҳифаларининг ихчамлашишига олиб келади ва, энг муҳими, ўқувчида фанга қизиқишни орттиради. Айни пайтда ахборот-технологиялар илдам ривожланиши, QR-код белгиларнинг кашф этилиши босма нашрларга электрон ресурсларни боғлаш имкониятини яратмоқда.
Ҳозирда юқори синф ўқувчилари учун дарсликлар нашр этиш даврийлиги 5 йилда бир маротабага ўтганлиги, қўшимча адабиётларни чоп этиш учун маблағларнинг танқислиги, ундан ҳам аввал бу китобларни кўтариб юриш, топиш каби муаммоларни ҳал қилиш мақсадида ҳамда таълим тизимига замонавий инновацион ахборот ресурсларни киритишни йўлга қўйиш мақсадида 8-синф география дарслиги (“Ўзбекистоннинг иқтисодий ва ижтимоий географияси”)га QR-код белгиси жойлаштирилди. Мазкур белги дарсликни ташкил этган 60 мавзуга алоҳида ўрнатилган бўлиб, шу мавзуга оид қўшимча интернет манбаларидан фойдаланиш имконини берди.
Ўз навбатида, интернет ресурсларидан фойдаланишда ҳавфсизликни таъминлаш, турли сайтлардан олинган ҳаволалар, сайтнинг ёпилиб қолиши ёки шу ресурс сайт эгаси томонидан олиб ташланишининг олдини олиш мақсадида дарсликнинг алоҳида интернет сайти ишга туширилди ва интернет ресурслари шу сайтга жойлаштирилди. Мазкур жараён дарсликни нафақат бойитди, шу билан бирга кейинги чоп этилгунича ўтадиган 5 йил давомида бўладиган ўзгаришларни даврий равишда интернет ресурслари ҳисобига тўлдириб бориш имкониятини яратди.
Маълумот учун, QR-kod – инглизча “Quick Response” сўзидан олинган бўлиб, Quick – тез, Response – жавоб, яъни “tezkor javob” маъносини билдиради. Битта QR-kod ўртача 7089 та рақам, 4296 та рақам ҳарф, иккилик саноқ системасига 2953 байт ёки 1817 та иероглифларни ўз ичига олиши мумкин. Бир сўз билан айтганда QR-kod – бу махсус тарздаги кодлардан иборат бўлган, қандайдир бир маълумот, квадрат кўринишдаги тасвирдир. Унда оддий матн, аудио ёзувлар, видео роликлар, 3D форматдаги шакллар ва бошқа шу каби бошқа интернет ресурслари бўлиши мумкин. Ҳозирги кунда камерага эга замонавий телефонлар квадрат кўринишдаги тасвир остида яширинган маълумотларни осон ўқиш имкониятини беради. Бунинг учун бор-йўғи телефон камерасини QR-кодга йўналтирган ҳолда, махсус илова орқали кодни ўқиш лозим бўлади.
Келгусида бошқа дарсликларга ҳам QR-код белгисини ўрнатиш ва шу орқали интернет ресурсларига боғлаш мумкин ва уларни битта сайтда жамлаш (масалан, халқ таълими вазирлигининг расмий веб-сайти uzedu.uz ёки портали http://eduportal.uz га) доимий тўлдириб борилиши мумкин.
Мазкур лойиҳани амалга оширилиши босма дарсликларни интернет ресурсларига боғлаш, ўқувчиларни қўшимча қизиқарли янгиликлардан матн, аудио, видео шаклларида хабардор қилиб туриш, босма нашрларга сарф бўлаётган маблағларни иқтисод қилиш, уларни электрон ресурслар билан бойитиш имкониятини яратади.
Манба: Инновацион ривожланиш вазирлиги Матбуот хизмати .