Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Маданият 06/02/2019 Янги “Наврўз” маданият ва истироҳат боғи қурилмоқда
Янги “Наврўз” маданият ва истироҳат боғи қурилмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Бугунги кунда пойтахтимиз катта қурилиш майдонига айланган. Тошкент шаҳрининг кўплаб ҳудудларида аҳоли турар жойлари, иншоотлар, йўл ва кўприклар, хиёбонлар, истироҳат боғлари бунёд этилмоқда. Ана шундай иншоотлардан яна бири темирйўлчилар томонидан йил охирига қадар қуриб, аҳоли фойдаланиши учун топширилиши режалаштирилган “Наврўз” маданият ва истироҳат боғидир.

Мазкур лойиҳа давлатимиз раҳбарининг  2017-йил 7-августдаги  “Тошкент шаҳрида  “Наврўз” боғини қуриш” лойиҳасини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан ҳаётга татбиқ этилмоқда. Уни барпо этиш вазифаси “Ўзбекистон темир йўллари” аксиядорлик жамиятининг “Ўзтемирйўлқурилишмонтаж” унитар корхонаси қурувчиларига топширилган. Айни пайтда бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилган.

Боғ учун 32 гектар ер ажратилган бўлиб, бу ерда 3 минг кишилик амфитеатр, диаметри 72 метрлик чархпалак, ҳар бир вилоят аҳолисининг ўзига хос урф-одатлари, яшаш тарзи, миллий ҳунармандчилик, пазандачилик анъаналарини акс эттирувчи уйлар ва устахоналар, айвону чойхоналар қад ростлайди. Мухтасар айтганда, боғ ўзида маънавиятимиз, миллий қадриятларимизни акс эттирган этнографик шаҳарча сифатида барпо этилади.

Миллийлик ва замонавийлик руҳини ўзида мужассам этган ушбу боғ очиқ осмон остида жойлашган ҳақиқий музей сифатида юртимиз аҳолиси ҳамда сайёҳларда ҳам катта қизиқиш уйғотиши, шубҳасиз.

Мазкур боғда оммавий сайллар, консертлар ташкил этилиб, юртимиз аҳолиси, хусусан, ёшлар маънавиятини юксалтиришга хизмат қилади. шунингдек, Мустақиллик, Наврўз каби улуғ байрамларимиз шу ерда ўтказилиши кўзда тутилган.

Манбаа: “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ахборот хизмати.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг