Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Технологиялар 05/04/2018 Yandex.Taxi Ўзбекистонга етиб келди
Yandex.Taxi Ўзбекистонга етиб келди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Тошкентда Yandex.Taxi пайдо бўлди. Бу ўзбек тилида таксига буюртма бериш мумкин бўлган Ўзбекистондаги биринчи илова.

Таксига буюртма бериш учун фақат мобил иловани очиш ва бориш керак бўлган жойни кўрсатиш кифоя. Диспетчерга қўнғироқ қилиш ва аниқ манзилни айтишнинг кераги йўқ. Хизматнинг ўзи фойдаланувчи қаердалигини аниқлайди ва ўша ерга машинани жўнатади. Yandex.Taxi алгоритмлари йўллардаги масофа ва тирбандликларни ҳисобга олади ҳамда фойдаланувчининг олдига энг тез етиб келадиган ҳайдовчини топади.

«Буюртмаларни тақсимлашнинг «ақлли» тизими туфайли Yandex.Taxi сафар харажатларини камайтиради. Харажатларнинг катта қисми машинанинг йўловчисиз туриши, кейинги мижозни топиш ва бўш юришдан иборат. Yandex.Taxi алгоритмлари ушбу харажатларни камайтиради. Сафар фойдаланувчилар учун арзонлашади ва ҳайдовчилар кўпроқ пул топишади», – дейди Yandex.Taxi нинг халқаро ривожланиш бўйича директори Мушег Саакян.

Сафарнинг нархи қуйидагича ҳисобланади: миниш ва биринчи уч километрига икки минг сўм сарфланади. Шаҳар ичида километрига минг сўм, шаҳар ташқарисида бир ярим минг сўм. Амир Темур хиёбонидан Самарқанд Дарвоза савдо марказига бориш нархи беш минг сўмни ташкил этади. Тошкент давлат юридик университетидан Алишер Навоий номидаги миллий боққача – тўрт минг сўм.

Ҳозирча фойдаланувчилар пулни нақд пулда тўлашади. Yandex.Taxi тўловни банк картаси билан амалга оширишни режалаштирмоқда. Рақамни ҳар сафар қайта киритмаслик учун уни аккаунтга улаб қўйиш мумкин.

Сафар охирида фойдаланувчи сафарга баҳо беради. Баҳо ҳайдовчининг рейтингига таъсир кўрсатади. Агар ҳайдовчи кўп маротаба салбий баҳоланса – тизим унинг аккаунтини блоклаб қўяди.

Дастур 24 соатлик онлайн қўллаб-қувватлаш хизматига эга. Агар йўловчининг сафардан кўнгли тўлмаса, машина ичида буюмларини унутиб қолдирса ёки савол беришни хоҳласа – у иловага ёзиши мумкин ва унга ёрдам кўрсатилади.

Yandex.Taxi ҳайдовчилар билан бевосита ишламайди. У таксопарклар ва диспетчерлик хизматлари билан ҳамкорлик қилади. Тошкентда ўнлаб Yandex.Taxi ҳамкор-таксопаркларидан 200 тадан ортиқ автомобильлар хизматга уланган.

«Ўзбекистон раҳбарияти инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш борасида фаол иш олиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгилаб берилган устувор йўналишларига мувофиқ «Ravon Auto Business» МЧЖ мамлакатимиз фуқаролари учун илғор технологияларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Хусусан, биз бир неча ой давомида энг йирик онлайн хизматларни ишлаб чиқарувчи Yandex компаниясини бозоримизга жалб этиш бўйича музокаралар олиб бордик ва натижада Yandex.Taxi нинг Ўзбекистондаги бош ҳамкорига айландик. Бизнинг мақсадимиз – замонавий технологиялар ёрдамида такси хизматларидан фойдаланишнинг максимал қулайлиги ва хавфсизлигини дастлаб Тошкент шаҳри аҳолиси ва кейинроқ бутун мамлакат бўйлаб таъминлашдир. Yandex.Taxi сайёҳларга яхши маълум – бизнинг ҳисоб-китобларимизга кўра, Республикага келадиган сайёҳларнинг 70 фоизга яқини хизматдан аллақачон фойдаланган», – дейди «Ravon Auto Business» МЧЖ директори ўринбосари Бабур Турсунович Маматов.

Yandex.Taxi иловаси бепул. Уни iOS ва Android учун юклаб олиш мумкин.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг