Валюта курслари 21/11/2024
$1 – 12855.93
UZS – 0.09%
€1 – 13570.72
UZS – 0.15%
₽1 – 128.16
UZS – -0.11%
Қидириш
Технологиялар 27/09/2024 Yandex Uzbekistan бизнесга Telegramда, каналларга эса рекламадан пул топишда ёрдам беради

Yandex Uzbekistan бизнесга Telegramда, каналларга эса рекламадан пул топишда ёрдам беради

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Yandex Uzbekistan Telegram-каналларда рекламаларни автоматик жойлаштириш воситасини синовдан ўтказмоқда. Каналлар эгалари рекламадан пул ишлашнинг оддий усули билан таъминланади.

Реклама расм ёки видео ва реклама қилинаётган маҳсулот ёки хизматнинг сайтига ҳавола бўлган оддий пост кўринишида бўлади.

Нейрон тармоқлар ҳар бир эълон учун мавзу ва таркибини ҳисобга олган ҳолда каналларни танлайди. Технологиялар реклама берувчиларга мақсадли аудиторияни, каналларга эса хабарлар орасида органик кўринишга эга бўлган рекламани топишга ёрдам беради.

Реклама берувчилар фақат кликлар учун пул тўлайди, шунинг учун янги воситадан нафақат бренд ҳақидаги хабардорликни ошириш, балки савдони ошириш учун ҳам самарали фойдаланиш мумкин.

PS Cloud Services маркетинг раҳбари Наталя Звереванинг фикрича, фақат фойдаланувчиларнинг фойдали ҳаракатлари учун тўлаш имконияти бюджетни янада самарали сарфлашга ёрдам беради ва инвестициялар рентабеллигини оширади. Таргетинг созламалари ва каналларнинг хилма-хиллиги орқали мақсадли аудиторияни жалб қилиш ва минимал харажатлар билан сифатли лидларни олиш мумкин.

Beeline Uzbekistan эксперти Мирмуҳаммад Мирмаҳмудовнинг қўшимча қилишича, Yandex Ads воситаси кўплаб Telegram-каналларда рекламаларни автоматик жойлаштириш имконини беради. "Бу реклама кампанияларини бошлаш учун вақт ва кучни сезиларли даражада тежайди," —дейди эксперт.

Telegram-каналлар реклама кўрсатишдан даромад олади. Yandex Uzbekistan ўзбек ва рус тилидаги каналлар билан ҳамкорлик қилади. Ҳатто тор мавзудаги ва аудиторияси кичик — 2000 обуначидан иборат каналлар ҳам рекламадан даромад олишлари мумкин.

Telegram-канал эгаси реклама постлари қайси кунларда ва қайси вақтда чиқишини мустақил равишда ҳал қилади, махсус бот эса реклама эълон қилади. Битта каналда кунига 3 тагача реклама постлари чиқиши мумкин.

Test-Uz.Ru таълим Telegram-канали эгаси Раҳим Ерматов аллақачон Yandex Uzbekistan билан ҳамкорликни бошлаган. Yandex монетизациясининг афзаллиги реклама берувчилар билан ҳамкорлик қилиш шарт эмаслигида. Реклама чиқарадиган ботни қўшиш кифоя. Бунда реклама материалларининг чиқиш графигини ва рекламани танлаш стратегиясини созлаш мумкин.

Ҳозирча маҳсулот ёпиқ бета-синов режимида ишлайди. Yandex билан пул ишлашни бошлаш учун Telegram-канални сайтда рўйхатдан ўтказиш ва текширувдан ўтишини кутиш керак. Telegramда реклама кампаниясини Yandex Ads сервиси орқали кўрсатиладиган жойни — "Telegram-каналлар"ни танлаш орқали бошлаш мумкин.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг