Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан дўстлик ва ҳамжиҳатлик алоқалари тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Буни пойтахт шаҳарлар ва туманлар ўртасида йўлга қўйилган ўзаро манфаатли ҳамкорликда ҳам кўриш мумкин. Хусусан, энди Тошкентнинг Яккасарой тумани Сеулнинг Сондонгу муниципал округи билан иқтисодиёт, маданият, туризм каби қатор йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга оширади. Шу мақсадда Яккасарой тумани ҳокими Бахтиёр Шомуродов ва Сондонгу муниципал округи ҳокими Чонг Вон Олар ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Шу билан бирга туман ҳокимининг ўринбосарин Нурилла Абдураҳмонов ва Корея Республикасининг P&IB Co., Ltd компанияси бош директори Канг Ин Гю томонидан ҳам меморандум имзоланган бўлиб, унга кўра, тумандаги барча соҳалар фаолиятига замонавий ахборот технологияларини янада кенг жорий қилиш чора-тадбирлари амалга оширилади.
Ушбу юқори мартабали меҳмонлар иштирокида туман ҳокимлигида ташкил этилган тадбирда, республикамиздаги бошқа ҳокимликлар орасида биринчи бўлиб, Яккасарой туман ҳокимлигида MC ISO 9001:2015 халқаро стандарти тадбиқ этилганлиги маълум қилинди ва туман ҳокимлигига буни тасдиқловчи халқаро сетификат топширилди.
Манба: Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати.