2025 йилгача Ўзбекистондаги давлат корхоналари сонини 75 фоизга қисқартириш режалаштирилган. Бугунги кунда уларнинг сони икки ярим мингдан ошди.
Бу каби маълумотлар 2021 йил 27 май куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Ўзбекистон Республикасида давлат корхоналарини трансформациялаш ва хусусийлаштириш: иқтисодий ислоҳотларнинг янги босқичи” номли юқори даражадаги халқаро форум давомида эълон қилинди.
Уни Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги (Давактив) Жаҳон банки билан биргаликда ташкил этди.
Форумни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров ва Европа ва Марказий Осиё бўйича Жаҳон банки вице-президенти Aнна Бйерде очишди. Унда Ўзбекистон Республикаси Молия вазири Тимур Ишметов, Республика Савдо-саноат палатаси раиси Aдҳам Икромов ва бошқа масъул шахслар иштирок этишди. Шунингдек, халқаро форумда дунёнинг турли мамлакатларидан 400 дан ортиқ онлайн ва офлайн иштирокчилар, шу жумладан халқаро молия институтлари вакиллари, инвестиция ва консалтинг компаниялари, тижорат банклари, маҳаллий ва халқаро ишбилармон доира вакиллари иштирок этишди.
«Ҳозирда Ўзбекистонда деярли ҳар бир давлат идораси ва маҳаллий ҳокимият идоралари корхоналар таъсисчиларидир. Бугунги кунда фаолият юритаётган 2 минг 541 та давлат корхоналарининг ярми (1 минг 210 дона) унитар корхона шаклида яратилган. Давлатнинг иқтисодиётидаги иштирокининг тасдиқланган юқори даражаси соғлом рақобат муҳитини ривожлантиришга тўсқинлик қилмоқда. Шаффоф хусусийлаштириш жараёни бўлмаса, биз маҳаллий ва хорижий инвесторларнинг ишончини қозонолмаймиз», дея таъкидлади Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Aкмалхон Ортиқов.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрдаги парламентга Мурожаатномасида давлатимизга қарашли компанияларни трансформация жараёнларини жадаллаштириш, хусусийлаштириш ва давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтириш масаласи мамлакатдаги таркибий ўзгаришларнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди.
Маҳаллий ва халқаро амалиётда исботланганидек, давлатнинг иқтисодиётдаги иштироки юқори даражада соғлом рақобат муҳитини ривожлантиришга халақит беради. Маҳаллий ва хорижий инвесторларнинг ишонч даражаси кўп жиҳатдан хусусийлаштириш жараёнининг шаффофлигига боғлиқ. Шу билан бирга, уларнинг жозибадорлигини ошириш учун давлат корхоналарини ўзгартириш бўйича чоралар кўриш зарур.
«Бугунги кунда Ўзбекистонда давлатнинг иқтисодиётдаги иштироки юқори бўлиб қолмоқда ва тахминан 55 фоизни ташкил этади. Ушбу кўрсаткич Жанубий Кореяда 22%, Германияда - 18%, AҚШ да - 11%, Японияда - 5% ни ташкил этади», - деди A.Ортиқов.
Шу муносабат билан “2021 – 2025 йилларда давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш стратегияси” ишлаб чиқилиб, ҳукумат томонидан шу йил 29 мартда тасдиқланган. Ҳужжатга кўра, фақат шу йилнинг биринчи ярми охирига қадар 550 дан ортиқ давлат активлари, шу жумладан, Тошкент марказидаги “Пойтахт” бизнес маркази, “Малика” савдо маркази, “Ичан қала” меҳмонхонаси ва маъмурий мажмуалар каби йирик мулк комплекслари сотилиши кутилмоқда.