Валюта курслари 27/09/2024
$1 – 12736.48
UZS – -0.17%
€1 – 14193.53
UZS – -0.52%
₽1 – 137.60
UZS – -0.33%
Қидириш
Ўзбекистон 11/01/2018 ХХР Бош вазири ўзбек олимига “Хитойнинг Нобель мукофоти”ни топширди
ХХР Бош вазири ўзбек олимига “Хитойнинг Нобель мукофоти”ни топширди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Пекинда Хитой Халқ Республикасининг илм-фан ва техника жабҳасидаги давлат мукофотлари ҳамда “Илм-фан ва технологиялар соҳасидаги халқаро ҳамкорлик – 2017” нуфузли мукофотини топширишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Мукофот соҳибларини тақдирлаш маросимида ХХР Раиси Си Цинпин, Давлат Кенгаши Бош вазири Ли Кетсян, Сиёсий бюро аъзолари, Бош вазир ўринбосарлари иштирок этдилар.

7 нафар хорижлик олим халқаро илмий-техникавий ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун мукофотининг лауреатлари бўлишди. Улар орасидаги юртдошимизга - ўзбек олими, биохимик, академик Шавкат Солиҳовга ушбу давлат мукофотини ХХР Давлат Кенгаши Бош вазири Ли Кетсян топширди.

Ўзбек академиги билан бирга америкаликлар Эдвард Палмер (физик, Луизиана штати университети профессори), Чжан Шучен (Стенфорд университети назарий физика профессори), Ши Ян (Гарвард университети профессори), Томас Спанос (Райс университети профессори), британиялик олим Филип Коатес, шветсиялик тадқиқотчи Чен Делян цингари таниқли мутахассислар ҳам ушбу мукофотга сазовор бўлдилар, дея хабар беради “Жаҳон” АА.

Ушбу мукофот 1995 йилда таъсис этилган бўлиб, дунёнинг турли мамлакатларидан 108 нафар олим ҳамда иккита халқаро ташкилот унинг соҳиблари рўйхатидан жой олган. Уни норасмий равишда “Хитойнинг Нобел мукофоти”, деб ҳам аташади.

Эслатиб ўтамиз: Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, оқсил кимёси, токсинлар ва биотехнологиялар кимёси соҳасидаги машҳур олим Шавкат Солиҳов 2017 йил ноябрида Хитой Фанлар академияси аъзолигига сайланган эди. У Ўзбекистондан сайланган биринчи, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларидан сайланган (россиялик олим, физика бўйича Нобель мукофоти лауреати Жорес Алферовдан кейин) иккинчи олимдир.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг