Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Иқтисод 07/10/2016 Хусусий мулк ва тадбиркорлик кафолатлари
Хусусий мулк ва тадбиркорлик кафолатлари
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Клара Жумамуратова, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси:

Мустақилликнинг ўтган 25 йили давомида мамлакатимизда изчиллик билан босқичма-босқич тарзда олиб борилаётган ислоҳотлар доирасида ниҳоятда кенг кўламли аниқ мақсад ва вазифалар рўёбга чиқарилгани ҳеч кимга сир эмас. Бу жараёнда айниқса, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш соҳасига эркинлик бериш, бу йўлда ғов бўлиб турган барча тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш йўлида амалга оширилаётган ишларнинг ўрни беқиёс.

Жорий йилнинг 5-октябрь куни матбуотда эълон қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони ҳам айни шу соҳадаги ҳозирги амалиётни чуқур таҳлил қилиш, истиқболни ўйлаб ундан хулоса чиқариш натижасида вужудга келган муҳим дастуриламал ҳужжат бўлди дейиш мумкин.

Авваламбор, тадбиркорлар ва ишбилармонлар манфаатларини ҳимоя қилувчи партия – ЎзЛиДеПнинг вакили сифатида шуни таъкидлаш жоизки, ушбу Фармон мамлакатимизда қулай бизнес ва инвестицион муҳитни шакллантириш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва унинг дахлсизлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш борасида амалга оширилаётган тизимли ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади.

Фармонда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида қонунлар ижроси устидан парламент назоратини янада кучайтириш, хусусий тадбиркорликни жадал ривожланишини қўллаб-қувватлаш борасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш каби вазифалар ҳам белгилаб қўйилган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузурида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институтини ташкил этиш белгиланган. Унинг ваколатларига тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда иштирок этиш, тадбиркорлик субъектларининг фаолияти текширилаётганда уларни ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари ва талабларининг амалда рўёбга чиқарилаётганлигини ўрганиш каби қатор ўта муҳим масалалар киритилган. Бу ўз навбатида тадбиркорларнинг манфаатларини ифодалашда парламентнинг роли, аҳамияти ва масъулиятини ҳам оширади.

Тадбиркорликка оид долзарб масалаларни ҳал қилиш, бу йўналишдаги қонунчиликни янада такомиллаштириб, хусусий сектор кафолатларини мустаҳкамлаш йўлида парламент аъзолари бор имкониятларини ишга солади.

Бинобарин, ягона мақсадимиз эркин ва фаровон, демократик жамият қуриш экан, бу йўлда фидо­йилик билан меҳнат қилиш айни заруратдир.

Вали Вахобов, Китоб туман Фермерлар Кенгаши раиси, “Барака нур боғи” фермер хўжалиги раҳбари:

– Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатдан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонини газетадан ўқиб, барча тадбиркор ва фермерлар қатори мен ҳам ғоятда ҳурсанд бўлдим. Фармонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига давлат органларининг аралашувини тубдан қисқартиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш борасида алоҳида сўз боргани ушбу соҳани янада жадал ривожлантиришга қаратилаётган эътиборнинг намунаси деб биламан.

Очиғини айтиш лозим, илгари Ўзбекистонда фермерлик деган тушунча қаерда эди дейсиз. Болалигимда қишлоғимиздаги экин майдонларида амакиларим, опа-укаларим ва тенгқурларим билан бирга пахта терардик.Сабаби, ўша пайтларда аҳолининг экин-текин қилишга, ер олиб алоҳида уй-жой қуриши учун ер берилмасди-да.

Ҳа, илгари юртимизда мулкдор деган тушунчанинг ўзи йўқ эди. Бу ҳақда, ҳатто, ўйлаб ҳам бўлмасди. Ҳозир-чи? Фермер — чинакам мулкдор, ҳам тадбиркор. Астойдил меҳнат қилса роҳатини кўраяпти. Мустақиллик йилларига қадар колхозлар ва савхозлар тузими вақтида деҳқон меҳнат қилиб етказган маҳсулотини қаерга, кимга, қандай сотилганини билмаган бўлса, мустақиллик йиллари давомида фермер хўжаликлари ташкил этилиши натижасида фермер-деҳқон ўзи етиштирган маҳсулотини ўзи тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлди. Ҳукуматимиз томонидан яратиб берилган имкониятлар натижасида ҳозирда фермер хўжаликларимиз кўп тармоқли бўлиб, фермерларимиз турли йўналишларда фаолият олиб боришаётир.

1991-йилга қадар туманимизда маҳсулотларни сақлаш учун минг тонна сиғимга эга бўлган совутгич бўлган бўлса, 2016-йил бошида бу кўрсатгич 14,5 минг тоннага етди, жорий йил охирига бориб, тумандаги совутгич омборлари сиғими 20 минг тоннадан ошиши кутилмоқда. Бу эса бозорларимизни пишиқчилик давридан кейин ҳам мева-сабзавотлар таъминотини бир хил бўлишини таъминлаш баробарида хориж давлатларига ҳам экспорт қилишга хизмат қилади.

Албатта, буларнинг бари истиқлол боис давлатимиз, ҳукуматимиз томонидан аграр соҳага яратилаётган қулай шарт-шароитлар, имтиёзлар туфайлидир.

Бугун Ўзбекистоннинг аграр соҳага қаратаётган эътибор ва ғамхўрликларидан биз тадбиркор ва фермерлар жуда мамнун. Нега десангиз, бугун айнан улар томонидан етиштирилаётган сархил мева-сабзавотлар, ички ва ташқи бозорларимизда харидоргир бўлмоқда. Тўғриси, ана шундай эзгу ишларда менинг ҳам камтарона меҳнатим борлигидан жудаям бахтиёрман. Чунки меҳнатим эвазига оиламга, халқимга нафим тегаяпти, қолаверса, мамлакамиз иқтисодиётини ўсишига кичик бўлса ўз улушимни қўшиб келаяпман.

Шу ўринда алоҳида қайд этиш лозим, мамлакатимиз Президенти томонидан имзоланган ушбу Фармон биз тадбиркор ва фермерлар фаолиятини янада тизимли йўлга қўйишда, тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишни таъминлашда, давлат тузилмалари билан муносабатларда уларнинг манфаатларини ифодалашда муҳим ўрин тутади.

Акбаржон Ахмаджанов, Наманган вилоятидаги “Element Paint” масъулияти чекланган жамияти менеджери:

— Республикамизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга бериб келинаётган алоҳида эътибор мазкур соҳанинг кундан-кунга тараққий топишига олиб келмоқда.

Биз тадбиркорларга яратиб берилган имкониятлардан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқараётган махсулотимиз сифатини ошириш ва экспорбоп, харидоргир махсулот ишлаб чиқаришни янада кўпайтириш мақсадида

2015-йилда Хитой Халқ Республикасидан 120 минг АҚШ долларига тенг замонавий технологиялар олиб келиб, ишга туширилиши натижасида сифатли лок бўёқ махсулотларини ишлаб чиқаряпмиз. Бугунги кунда корхонамизнинг йиллик ишлаб чиқариш хажми 3600 тоннага етди. Шундан 3000 тонна маҳсулотларни экспортга йўналтириш имкониятига эга бўлинди.

Хозирда махсулотларимизга ISO Халқаро мувофиқлик сертификатини олишга ҳам эришдик.

Албатта кечагина қабул қилинган Фармон фаолиятимизни янада ривожлантиришга, янгидан-янги ғоялар устида иш олиб бориш, қўшимча ишлаб чиқариш қувватларини ишга солган ҳолда, янги иш ўринларини яратишга ва пировардида аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга муносиб хиссамизни қўшишга ундайди.

Собира Зубайдиева, Самарқанд вилоятидаги "Mashhura Sobira Gold" фермер хўжалиги раҳбари:

Бугунги кунда Ўзбекистонда етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспортини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шуни фахр билан айтиш керакки, мамлакатимиз мева ва сабзавот маҳсулотлари экспорти бўйича дунёдаги энг илғор ўнта давлат қаторига кирди. Бунда вилоятимиз деҳқон-фермерларининг ҳам муносиб ҳиссаси борлиги барчамизни қувонтиради.

Куни кеча қабул қилинган "Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони юртимиз фермерларига янада кенг имкониятлар эшигини очиб беради.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузурида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институтини ташкил этилиши нафақат тадбиркорлик субъектлари, балки фермерлик ҳаракатини ҳам ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш, давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга оширишда муҳим аҳамиятга касб этади.

Бир вақтлар суғориладиган ердан бор-йўғи 25 центнердан ҳосил олардик. Ўтган 25 йил давомида хўжалигимиз майдони бир неча гектарга кенгайиб, замонавий тракторлар, қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган барча зарур агротехникалар олдик. Бунинг самарасида ҳосилдорлик йил сайин ортиб, хўжалигимиз даромади муттасил ўсиб бормоқда.

Дунёнинг айрим давлатларида аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш долзарб масалага айланаётган бир пайтда мамлакатимизда эҳтиёжимиздан ортиқ маҳсулотни экспорт қилиб, қўшимча даромад олишимиз учун қулай шароит яратилаётгани қалбимизни ифтихорга тўлдиради.

Жорий йилда вилоятимиздаги деҳқон ва фермерлари 3 миллион тоннадан ортиқ қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришни режалаштирган бўлса, унинг 430 минг тоннаси экспортёр корхоналар томонидан тўғридан-тўғри хорижга экспорт қилинади ва 520 минг тоннаси қайта ишланади.

Фармон биз тадбиркор ва фермерларнинг манфаатига хизмат қилиб, ишлаб чиқараётган маҳсулотларимиз сифатини ошириш, уларни экспорт қилишни кўпайтириш учун қулай шароитлар яратишга имкон беради.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг