Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Иқтисод 02/05/2017 Хусусий мулк муаммоларига O‘zLiDeP депутатлик гуруҳлари томонидан ечим топилмоқда
Хусусий мулк муаммоларига O‘zLiDeP депутатлик гуруҳлари томонидан ечим топилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўтган йиллар давомида пойтахтимиздаги бир қатор корхоналарни хусусийлаштириш кутилган натижаларни бермади. Хусусийлаштирилган корхоналарнинг мулкдорлари ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланмаётгани ва ишлаб чиқараётган маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини таъминлайдиган замонавий технологияларни жорий этмаётганлигини кўрсатмоқда.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Тошкент шаҳар Кенгаши ҳамда партия шаҳар депутатлик гуруҳи ҳамкорлигида мазкур масалаларга бағишланган “Хусусий мулк ҳуқуқларини мустаҳкамлаш, уни ривожлантириш самарадорлигини таъминлаш” мавзуида очиқ мулоқот ташкил этилди.

Унда 2017–2021 йилларда мамлакатни ривожлантириш бўйича Ҳаракат стратегиясининг “Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш” йўналишида белгилаб қўйилган устувор вазифаларнинг ижроси, хусусан, Тошкент шаҳрида хусусий мулк ҳуқуқларининг таъмиланиши ҳамда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони ва “Хусусийлаштирилган корхоналар билан ишлаш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти ва партия депутатлик гуруҳи олдидаги муҳим масалалар атрофлича муҳокама этилди.

Тадбирда иштирок этган Давлат рақобат қўмитаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси масъул ходимининг қайд этишича, қабул қилинган хусусийлаштириш дастурларига асосан Тошкент шаҳридаги давлат активларини хусусий мулкка сотиш ишлари олиб борилмоқда. Унга кўра, жорий йилнинг шу кунига қадар умумий қиймати 67 млрд. 909 млн. 453 минг сўмга тенг бўлган 11 та давлат активлари сотилиб, тузилган олди-сотди шартномаларига кўра умумий қиймати 10 млрд. 28 млн. 45 минг сўмлик инвестиция мажбуриятларини бажариш ва жами 121 та янги иш ўринларини яратиш назарда тутилган.

Тадбирда сўз олган партия депутатлик гуруҳи вакиллари бу борада олиб борилаётган ишлар қониқарли даражада эмаслигини таъкидлашди.

— Тошкент шаҳрида аввал ҳусусийлаштирилган “Реле ва автоматика”, “Алгоритм” заводлари, “Тошкент қўғирчоқ” фабрикаси, “сергели мебель” корхонаси ва бошқа кўплаб объектларни хусусийлаштириш яхши натижа бермади, - дейди Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи раҳбари Тўрабек Назаров. — Биргина “Тошкент қўғирчоқ” фабрикасида 3 мингга яқин шаҳримиз фуқаролари меҳнат қилиб, фарзандларимиз учун экологик тоза ўйинчоқлар ишлаб чиқарар эдилар. Аммо бугунги кунда ушбу корхона фаолият юритмаяпти. Хулоса қилиш мумкинки, бу борада хусусийлаштиришга тегишли бўлган ташкилотлар етарлича эътибор қаратмаяптилар.

Мунозараларда сўз олган соҳа экспертларининг қайд этишича, мазкур йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқишда, хусусийлаштириш ва тадбиркорликни тараққий топтиришга оид давлат сиёсатини сифат жиҳатидан ўзгартиришда Президентимизнинг 2017 йил 18 апрелдаги Фармон ва қарори муҳим аҳамиятга эга.

Қабул қилинган мазкур ҳуқуқий ҳужжатлар тегишли ҳужжатларда белгиланган чораларнинг ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш бўйича мансабдор шахсларнинг масъулиятини юксалтиришга қаратилганлиги билан аҳамиятли эканлиги алоҳида қайд этилди.

— Президентимизнинг 2017 йил 18 апрелдаги Фармонига биноан жойлардаги бўш ва фойдаланилмаётган объектларни ўрганиш бўйича тузилган комиссиялар ишини янада жонлантириш лозим, - дейди Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзоси Дилшод Шоумаров. — Сабаби улар нафақат объектларни ўрганиш ва хатлаш, балки тадбиркорларга инвестиция дастурларини ишлаб чиқишда ҳам амалий кўмак беришлари, керак бўлса ҳар бир туманда бу бўйича тадбиркорлар учун тушунтириш ишлари сифатида тадбирлар ташкил этишлари керак. Шундагина, мулкларни хусусийлаштиришдан кейинги натижалар биз кутгандек юқори бўлади.

Шунингдек, тадбирда жой муаммоси билан иштирок этган тадбиркорлар соҳа мутахассисларига саволлари билан мурожаат қилдилар.

Нигора Соим, “NigoraMediaGroup” ХК раҳбари:

— Очиқ мулоқотда тадбиркорлигимни кенгайтириш учун давлат тасарруфидаги бўш бинолардан бирини банк кредити эвазига ҳарид қилсам бўладими? деган савол билан мутахассисга юзландим. Унга жавобан Давлат рақобат қўмитаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси юристи Музаффар Қосимов агар тадбиркорлар фойдаланилмаётган объектларни ҳарид қилиш учун маблағи етарли бўмаса, “Кафолат” фондига мурожаат этишлари мумкинлигини, унда умумий суммаси 100 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмайдиган банк кредитларининг гаров билан таъминланмаган қисми учун, кредитнинг 50 фоизигача таъминот ажратишларини айтиб, йўл йўриқ кўрстди. Тадбирда иштирок этиб, ўзимга керакли маълумотларни олганимдан мамнунман.

Муҳаббат Жўраева, “Тўмарис” улгуржи савдо ХК раҳбари:

— Хитойлик ҳамкорларимиз янги лойиҳамизни ишга туриш учун маблағ киритишга тайёр турибдилар. Аммо жой масаласида аниқ тўхтамга келаолмаётганлигимиз боис иш бироз ортга суриляпти. Соҳа мутахассисларига Чилонзор туманида “ноль” қийматида бериладиган объектлар тўғрисида маълумот беришларини сўраб мурожаат қилдим. Афсуски, туманда “ноль” қийматида бериладиган барча объектлар фойдаланувчиларга топширилганлиги айтишди. Шаҳар Кенгаши депутати Хосил Ҳолматов “Алгоритм” даҳасида ташкил этилиши режалаштирилаётган технопаркдан жой олишимизда ёрдам беришини билдириб, масалага ойдилик киритди.

Тадбирда шу каби бир нечта масалалар муҳокама этилиб, ҳал этиш бўйича соҳа мутахассисларига аниқ кўрсатмалар берилди.

Хулоса қилиндики, O‘zLiDeP фаоллари Президентимизнинг ушбу Фармон ва қарорининг мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тушунтириши, тадбиркорлар билан учрашувларда соҳадаги янгиликларнинг аҳамиятига эътибор қаратган ҳолда, уни тарғиб этиш мақсадга мувофиқ. Албатта, буларнинг барчаси пировардида миллий иқтисодиётимизнинг ҳал қилувчи кучи ҳисобланган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

O‘zLiDeP Матбуот хизмати.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг