Валюта курслари 27/09/2024
$1 – 12736.48
UZS – -0.17%
€1 – 14193.53
UZS – -0.52%
₽1 – 137.60
UZS – -0.33%
Қидириш
Ўзбекистон 11/09/2020 Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун яратилган шарт-шароитлар тўғрисида парламент сўрови юборилди
Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун яратилган шарт-шароитлар тўғрисида парламент сўрови юборилди

 

Олий Мажлис юқори палатасининг еттинчи ялпи мажлисида Вазирлар Маҳкамасига хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун яратилган шарт-шароитлар тўғрисида парламент сўрови юбориш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

 

Таъкидланганидек, Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан 2020 йил 13-18 июль кунлари Ўзбекистонда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришда юзага келаётган муаммолар ва бу соҳадаги қонун ҳужжатларига риоя этиш масалалари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти мисолида ўрганилди.

 

Хусусан,  2019-2020 йилларда ўз иш фаолиятини тўхтатган тадбиркор аёллар сони тадбиркорлик фаолиятини ташкил этган аёллар сонидан ошган бўлса-да, бу йўналишда тизимли таҳлил ўтказилмаганлиги аниқланди. Мазкур муаммолар чуқур ўрганилмаган ва уларни бартараф этиш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар ишлаб чиқилмаган.

 

Жумладан, 2019-2020 йилларда хотин-қизлар томонидан жами якка тартибдаги 108 782 та тадбиркорлик субъекти ташкил қилинган. Бироқ мазкур давр мобайнида 115 920 нафар аёл тадбиркор ўз фаолиятини тўхтатган. Бу каби ҳолатлар эса аёллар учун ишсизлик, боқимандалик ва бошқа муаммоларни юзага келтирмоқда.

 

Қолаверса,  кўплаб ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар мавжуд бўлиб, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ишлари етарли даражада олиб борилмаган. Ушбу оилалар аъзолари бўлган хотин-қизларни тадбиркорликка йўналтириш, ўқитишга жалб қилиш, ўз ишини йўлга қўйиш борасида мавжуд имкониятлар тўғрисида хабардорликни ошириш юзасидан тарғибот-ташвиқот ишлари самарали ташкил этилмаган.

 

  Ўрганиш натижалари мутасадди идоралар томонидан меҳнат бозоридаги ҳолат етарли даражада таҳлил қилинмаганлиги, мавжуд бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотлар тегишли ҳисоботларда тўлиқ акс эттирилмаганлиги маълум бўлди. Бунинг оқибатида ҳақиқатда ишга жойлашишга муҳтож ҳотин-қизлар ҳамда ёшлар қатламини аниқлаш, шунингдек, уларнинг бандлигини таъминлаш юзасидан манзилли чора-тадбирлар амалга оширилмаган.

 

Ишсиз ва ижтимоий фаол бўлмаган хотин-қизлар билан якка тартибда иш олиб бориш амалиёти яхши йўлга қўйилмаганлиги оқибатида оғир турмуш шароитида бўлган ишсиз хотин-қизлар сони камаймаяпти.

 

 Юқоридагиларни инобатга олиб, Олий Мажлис Сенати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун яратилган шарт-шароитлар тўғрисида парламент сўрови юбориш ҳақида қарор қабул қилди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг