Мустақиллик йилларида миллий маданиятимиз ва санъатимизни янада ривожлантириш, халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш, унинг бебаҳо намуналаридан халқимизни баҳраманд қилиш, айниқса, ёш авлоднинг мусиқий дидини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шавкат Мирзиёев 2016 йил ноябрь ойида Хоразм вилояти сайловчилари билан учрашувда халқимизнинг ардоқли санъаткори Комилжон Отаниёзов таваллудининг 100 йиллигини кенг нишонлаш, машҳур ҳофиз номи билан аталадиган замонавий ижод маркази, гўзал боғ ташкил этиш таклифини билдирган эди. Ўтган вақт давомида шу санага бағишлаб юртимизда кўплаб тадбирлар ўтказилди. Пойтахтимизда устоз санъаткор таваллуди санасига бағишлаб адабий-мусиқий тадбир ташкил этилди.
Улуғ санъаткор туғилиб вояга етган Шовот туманида Комилжон Отаниёзов номидаги маданият ва истироҳат боғи реконструкция қилиниб, ҳар томонлама обод масканга айлантирилди. Урганчда унинг хотираси билан аталган боғ ва ижод маркази, уй-музейи ташкил этилди. Ҳофиз сиймоси акс эттирилган ёдгорлик ўрнатилди.
Ўзбек мусиқа санъати ривожига улкан ҳисса қўшган беназир овоз соҳиби, Ватан, дўстлик, меҳр-оқибат ва муҳаббатни авж пардаларда куйлаган Комилжон Отаниёзов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган тадбир ҳофиз қабрини зиёрат қилишдан бошланди.
Огаҳий номидаги Хоразм вилояти мусиқали драма театрида хотира кечаси бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқ артисти Комилжон Отаниёзов таваллудининг 100 йиллик байрами қатнашчиларига табригини Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов ўқиб эшиттирди.
Хоразм сувора ва мақомлари, халқ ашулалари ва достонларининг моҳир ижрочиси Комилжон Отаниёзов асос солган мактаб ёш ижрочилар учун ўзига хос маҳорат мактаби бўлиб келаётгани алоҳида таъкидланди.
– Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Комилжон Отаниёзов таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланаётгани бутун халқимиз, айниқса, санъат ихлосмандларини беҳад мамнун этмоқда, – дейди Ўзбекистон халқ артисти Ғафур Эшчонов. – Шовот туманидаги қишлоқлардан бирида туғилиб ўсган, ўзининг ибораси билан айтганда, “оталиқнинг молини боқиб", подачи таёғини ўзига тор қилиб чала бошлаган ёш Комилжон халқимизнинг ардоқли санъаткори эди. У ўзининг бетакрор овози ва ижро услуби билан нафақат мамлакатимиз, балки хорижий ўлкаларда ҳам санъат шайдоларини мафтун этган. Устоз қолдирган бебаҳо санъат бугун унинг шогирдлари, ёш ижрочилар томонидан муносиб давом эттириб келинмоқда.
Тадбирда бадиий жамоалар, хонандалар томонидан К.Отаниёзов ижодий меросидан намуналар ижро этилди. "Уч бўстон булбули" номли спектакль, ҳофиз ҳаёти ва ижодига бағишланган видеофильм намойиш этилди.
Тадбирда Хоразм вилояти ҳокими П.Бобожонов сўзга чиқди, деб хабар беради ЎзА.