Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) мутахассислари Ўзбекистон ҳудудларида жорий йилнинг I чорагида хизмат кўрсатиш соҳасида рўй берган ўзгаришларни таҳлил қилди.
Таҳлил натижаларига кўра, 2022 йилнинг I чорагида мамлакат миқёсида хизмат кўрсатиш соҳасидаги ўсиш ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 15,9% ни ташкил қилган.
Фарғона (20,1%), Жиззах (16,5%) вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси (18,3%) ва Тошкент шаҳри (19,8%) да Республика миқёсидаги кўрсаткичга нисбатан юқори натижа қайд этилди. Андижон
вилояти (6,9%) да нисбатан пастроқ кўрсаткичга эришилди.
Кўрсатилган хизматлар ҳажмининг аҳоли жон бошига тўғри келадиган улуши бўйича юқори ўринларни Тошкент, Навоий, Бухоро вилоятлари ва Тошкент шаҳри эгаллаган. Бу борада Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари улардан анча ортда қолган.
Таҳлиллар хизматлар соҳасининг ЯИМ таркибидаги улуши жорий йилнинг I чорагида 45,8% ни ташкил этганини кўрсатди. Бу жиҳатдан мамлакатимиз ҳудудлари орасида Наманган, Сурхондарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрида юқори натижаларга эришилган.
Республика миқёсида кўрсатилган хизматларнинг 23,1%и қишлоқ жойларининг ҳиссасига тўғри келган. Бу кўрсаткич бўйича юқори натижалар Тошкент, Самарқанд, Сурхондарё, Хоразм, Андижон, Фарғона вилоятларида қайд этилган.