Хитойнинг «Жэньминь Жибао» газетасида «2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида иқтисодий ривожланиш устувор йўналиши сифатида белгиланди» сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар беради «Дунё» АА.
Мақола Ўзбекистоннинг инвестиция муҳитини яхшилаш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш, ташқи савдони ривожлантириш ва мамлакатда янги беш йиллик дастурни амалга ошириш доирасида иқтисодий ривожланиш истиқболларига бағишланган.
Нашр маълумотига кўра, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси еттита устувор йўналиш ва юзта мақсаддан иборат бўлиб, мамлакатда барча соҳаларда ислоҳотларни янада кенгайтиришга асос бўлади. Стратегия ўртача даромадга эга давлатлар қаторига қўшилиш учун асос яратиши керак бўлган турли тадбирларни амалга оширишни назарда тутади.
Мақолада макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва 2030 йилга келиб йиллик инфляция даражасини 5 фоизга босқичма-босқич пасайтириш муҳим мақсадлардан бири сифатида белгилангани қайд этилган.
Хитой газетаси Ўзбекистоннинг ташқи савдо фаолиятига ҳам алоҳида эътибор қаратган. Мамлакатнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини жадаллаштириш ҳам Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг устувор йўналишларидир ҳисобланади.
«2026 йилга бориб, Ўзбекистон барқарор иқтисодий тараққиётни сақлаб қолиш учун республика экспорт ҳажмини 30 миллиард долларга етказишни режалаштирмоқда. Шу боис хусусий секторнинг экспортдаги улушини 60 фоизга етказиш устувор вазифа этиб белгиланган. Шунга кўра, экспорт қилувчи корхоналарга ташкилий ва молиявий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш орқали мамлакат экспорт қилувчи корхоналар сонини 6 минг 500 тадан 15 мингтага ошириш чора-тадбирлари кўрилади. Шунингдек, дунёнинг 150 мамлакатига маҳсулот экспорт қилиш географиясини кенгайтириш кутилмоқда», - деб ёзади газета.
Мақолада Ўзбекистонда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, банк, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалиги, минтақавий ривожланиш ва бошқа чора-тадбирлар қайд этилди.