Валюта курслари 29/11/2024
$1 – 12865.05
UZS – 0.13%
€1 – 13550.76
UZS – 0.28%
₽1 – 116.73
UZS – -2.78%
Қидириш
Ўзбекистон 07/08/2021 ХДП президентлик сайловида Мақсуда Ворисова номзодини илгари сурди
ХДП президентлик сайловида Мақсуда Ворисова номзодини илгари сурди

Президентликка тўртинчи номзод: Халқ демократик партиясидан Мақсуда Варисова президент сайловида иштирок этади.

Варисова Мақсуда Азизовна 1961 йил 20 январь куни Тошкент шаҳрида зиёли оиласида туғилган.

1984 йили Тошкент медицина институти Даволаш факультетини имтиёзли диплом билан тугатгач, касбий фаолиятини ушбу олий таълим клиникаларида врач сифатида бошлаган. Кейинчалик, Тошкент шаҳридаги 6-шаҳар поликлиникасида врач-невропатолог сифатида давом эттирган.

1989 йилдан 2018 йилга қадар Тошкент вилояти Зангиота туманидаги "Назарбек" қишлоқ врачлик пунктида аввал врач, 2003 йилдан мудир вазифасида ишлаган. Шунингдек, касбига садоқати, тиришқоқлиги ва янгиликка интилувчанлигига асосан Олий тоифали терапевт, Олий тоифали умумий амалиёт врачи тоифасига эга бўлган.

Меҳнат фаолияти давомида кўп марта фахрий ёрлиқлар, ташаккурномалар билан тақдирланган. 2016 йилда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Фахрий ёрлиғи”, 2017 йилда “Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони билан мукофотланган.

2010 йилдан халқ депутатлари Зангиота туман Кенгаши депутати, 2014 йилдан халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати, 2015 йилдан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси, 2019 йилдан  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси даврида "Меҳнаткаш сенатор", Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан "Меҳнаткаш депутат" ёрлиқлари билан тақдирланган.

М.А.Варисова халқ орасида фаол депутат сифатида танилган. Бугунга қадар ОАВида долзарб ижтимоий муаммоларга бағишланган кўплаб мақолалар ва чиқишлар қилиб келмоқда. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда ҳам сайловчилар билан фаол мулоқот олиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси "Фуқаролар соғлиғини сақлаш масалалари Қўмитаси" раиси ўринбосари сифатида соғлиқни сақлаш тизимига тааллуқли ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда, "Оила ва аёллар масалалари Комиссияси" раиси сифатида фаолият олиб боради.

М.А.Варисова 2018 йилда “1-даражали Соғлом авлод учун” ордени, 2021 йилда “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан мукофотланган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг юбилейлари арафасида бир неча маротаба кўкрак нишонлари билан тақдирланган.

Варисова Мақсуда Азизовна оилали, 3 нафар фарзанди бор, хулқи, меҳнатсеварлиги ва камтарлиги билан маҳалла ва жамоатда ўз обрўсига эга.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг