Валюта курслари 18/11/2024
$1 – 12812.30
UZS – 0.1%
€1 – 13532.35
UZS – 0.49%
₽1 – 128.37
UZS – -0.5%
Қидириш
Ўзбекистон 05/11/2016 Хатамжон Кетмонов Фарғона вилояти сайловчилари билан учрашди
Хатамжон Кетмонов Фарғона вилояти сайловчилари билан учрашди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2016-йил 5-ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси президентлигига Ўзбекистон ХДПдан кўрсатилган номзод Хатамжон Кетмонов Фарғона вилояти сайловчилари билан учрашди.

Онлайн видеоконференция шаклида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидаги сайловчиларни қамраб олган учрашув Риштон туман ҳокимлигининг катта мажлислар залида бўлиб ўтди.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Абдуғаффор Кирғизбаев очди ва олиб борди.

Даставвал, номзоднинг ишончли вакили Дилбар Мамаджанова сўз олиб Хатамжон Кетмоновнинг таржимаи ҳоли билан йиғилганларни таништирди.

Шундан сўнг, сўз Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод – Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, партия фракцияси раҳбари Хатамжон Абдураҳманович Кетмоновга берилди.

Хатамжон Кетмонов дастлаб, муҳим сиёсий жараён сайловларда халқимиз, жумладан, бутун Фарғона аҳли Ўзбекистон танлаган демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш, ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг барча соҳаларидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш йўлига содиқлигини яна бир марта намоён этишига катта ишонч билдириб, шу кунгача мамлкатимизда олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар Фарғона вилоятида ҳам тўла маънода ўз ифодасини топганини айтди. Фарғона ва фарғоналиклар ҳақида гап кетганда, бу маскандан етишиб чиққан буюк сиймолар ва уларнинг оламшумул кашфиётларини фахр билан тилга олди.

Истиқлол йилларида, мамлакатимиз тараққиёти учун сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан стратегик аҳамиятга эга бўлган барча йўналишларда Фарғона вилояти ҳам катта ютуқларга эришганини, айниқса, “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи”, “Фарғонаазот”, “Қувасой цемент”, “Қувасой шифер”, “Кварц” акциядорлик жамиятлари, “Фарғона кимё заводи” каби йирик ишлаб чиқариш корхоналари нафақат вилоят балки, мамлакатмиз иқтисодиётида муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

Номзод ўз Сайловолди дастури билан йиғилганларни таништирар экан, унда аввало, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига қатъий амал қилиниши, миллий манфаатларга содиқлик, мамлакат мустақиллигини асраш ва мустаҳкамлаш, Ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фаровонлигини таъминлаш, фуқаролараро ва миллатлараро ҳамжиҳатлик, ижтимоий барқарорликни сақлаш орқали Ўзбекистоннинг бош стратегик мақсади – ривожланган демократик давлатлар қаторига қўшилиш, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашга қаратилган эзгу мақсадлар мужассамлигини тилга олди.

У ўз маърузаси орқали сайловолди дастурининг асосий йўналишлари юзасидан йиғилганларга батафсил маълумот берди.

Жумладан, дастур партиянинг ғоя ва дастурий мақсадларига, хусусан мухолиф фракция сифатида илгари сурган қатор ғояларга асосланишини таъкидлаб, энг кам истеъмол харажатлари (истеъмол саватчаси) стандартларини белгилашнинг асосланган ва замонавий механизмларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий қилиш, аҳолига коммунал хизматлар кўрсатиш тарифларининг давлат томонидан тартибга солинишини такомиллаштириш орқали коммунал хизматлар нархларини мақбуллаштириш, аҳоли бандлигини таъминлашнинг мутлақо янги ва замонавий усулларини жорий қилиш, иш ўринларини ташкил этиш дастурининг сўзсиз бажарилиши устидан парламент назоратини кучайтириш, муҳим ижтимоий-иқтисодий дастурларнинг асосий мезони уларни ҳаётга татбиқ қилиш орқали яратиладиган барқарор иш ўринлари сони билан ўрта махсус ва олий таълим муассасаларининг битирувчиларини ишга жойлаштиришнинг ўзаро боғлиқлигини таъминлаш лозимлиги ҳақида тўхталди.

Номзод Сайловолди дастури ҳақида батафсил тўхталар экан, иқтисодий сиёсатдаги асосий устувор вазифа, бу – давлатининг молиявий-иқтисодий қудратини оширишни кучли ижтимоий сиёсат билан уйғунлаштириш орқали аҳолининг, хусусан, унинг эҳтиёжманд қатламларининг турмуш даражасини янада яхшилашга йўналтиришдан иборат эканлиги, бунда эса “Иқтисодий ислоҳотларга – ижтимоий самарадорлик!” шиорини илгари суришини таъкидлади.

Шунингдек, иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда бюджет маблағлари, айниқса, ижтимоий соҳага йўналтириладиган маблағларнинг мақсадли равишда сарфланиши устидан қатъий назоратни кучайтириш, давлатнинг ўсиб бораётган иқтисодий имкониятларидан аҳолининг барча қатламлари, энг аввало, кам таъминланган қатламининг турмуш даражасини яхшилашда фойдаланиш, замонавий техника ва технологиялардан фойдаланиш асосида хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ишлаб чиқарилаётган товарлар ва хизматлар сифатини ошириш, таннархини пасайтириш, шунингдек, уларнинг экспорт имкониятларини кенгайтирувчи ва аҳолининг харид қобилиятини оширишга хизмат қилувчи рақобат муҳитини шакллантириш каби масалаларга эътиборни кучайтириш зурурлиги таклиф этилди.

Шундан сўнг асосий маъруза юзасидан бир қатор иштирокчилар сўзга чиқдилар.

Улар ўз чиқишларида номзод дастурида илгари сурилаётган тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини жалб қилиш орқали замонавий техника ва технологияларга асосланган ишлаб чиқаришни ташкил этишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, тижорат банкларининг инвестициявий лойиҳаларини молиялаштиришдаги иштирокини янада кенгайтириш, хўжалик юритувчи субъектларни кредитлаш тизимини соддалаштириш, макроиқтисодий вазиятдан келиб чиқиб, фоиз ставкаларини минимал даражада белгилаш, муаммоли қарзлар юзага келишига йўл қўймаслик ва банк хизматлари сифатини яхшилаш орқали уларнинг инвестициявий фаоллигини кучайтириш зарурлиги тўғрисидаги фикрларини алоҳида қўллаб-қувватладилар.

Шундан сўнг савол-жавобларга навбат берилди. Унда сайловчилар ўзларини қизиқтирган саволларга номзод ва унинг ишончли вакилларидан атрофлича жавоб олиш имконига эга бўлдилар.

Ўзбекистон ХДП МК Матбуот хизмати

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг