Валюта курслари 27/09/2024
$1 – 12736.48
UZS – -0.17%
€1 – 14193.53
UZS – -0.52%
₽1 – 137.60
UZS – -0.33%
Қидириш
Ўзбекистон 26/04/2018 “Халқаро интеллектуал мулк куни ва "Best IP - 2018" танлови якунлари”га бағишланган матбуот анжумани ўтказилди
“Халқаро интеллектуал мулк куни ва "Best IP - 2018" танлови якунлари”га бағишланган матбуот анжумани ўтказилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2018 йил 26 апрель куни Тошкент шаҳридаги "Сity Palace" меҳмонхонасида Халқаро интеллектуал мулк куни ва "Best IP - 2018" - энг яхши интеллектуал мулк объекти учун танловга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Маълумки, 1970 йил 26 апрелда Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотини (БИМТ) таъсис этувчи Конвенция кучга кирган. 2000 йилда БИМТга аъзо мамлакатлар томонидан интеллектуал мулкнинг бизнинг кундалик ҳаётимиздаги ролини англашни ошириш, ихтирочилар ва муаллифларнинг жаҳон жамияти ривожланишидаги ҳиссасини тан олиши учун Халқаро интеллектуал мулк кунини нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилинган. 2001 йилдан бошлаб бутун дунёда 26 апрель куни Халқаро интеллектуал мулк куни сифатида нишонланиб келади ва ҳар йили БИМТ ушбу байрам кунини ўзгача бир ном билан атайди. БИМТ бу йилги байрам тадбирларини “Ўзгаришлар учун қувват манбаи: Ижодкор ва инноватор аёллар!” деган мавзуга бағишлади.

ХХI аср технология асри бўлгани учун янгиланишларга замин яратади. Айнан, 2018 йилни давлатимиз раҳбари томонидан “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб ном берилгани мамлакатимизда инновацион лойиҳалар ривожланишига кенг имкониятлар яратмоқда.

Хабарингиз бор, бу йил республикамизда ҳам иқтисодиёт тармоқларининг турли йўналишларда ихтирочилик ва илмий-ижодий фаолиятларни қўллаб-қуватлаш мақсадида бир қатор тадбирлар ва танловлар ўтказиб келинмоқда.

Биргина жорий йилда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Ўзбекистон Ихтирочи аёллари уюшмаси томонидан ўтказилган “Ўзбекистон аёлларининг 100 та инновацион лойиҳаси” I республика танловини мисол қилишимиз мумкин. Ушбу танловда республикамиз олима аёллари, докторантлар, иқтидорли талаба ва ўқувчи қизлар, ихтирочилар, шифокорлар, ҳамда тадбиркор хотин-қизлар ўзларининг илмий ва амалий аҳамиятга эга бўлган ўз ихтиролари, инновацион ғоя, технология ва лойиҳалари билан иштирок этдилар ва номинантлар муносиб тақдирландилар.

Агентлик томонидан ҳар йили Халқаро интеллектуал мулк куни муносабати билан бир қатор тадбир ва танловлар ўтказилиши йўлга қўйилган.

Жумладан, бу йил Агентлик республикада ихтирочилик ва илмий-техникавий ижодиётни рағбатлантириш, инновацион фаолиятни ривожлантириш, янги техника, технология ва рақобатбардош маҳсулотларни яратишга кўмаклашиш, ихтирочиликни фаоллаштириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида Республикада энг яхши интеллектуал мулк объектларини аниқлаш ва рағбатлантириш учун "Best IP - 2018" танловини эълон қилган эди. Бу йилги танловда бошқа йиллардан фарқли равишда 6 та номинация “Энг яхши ихтиро”, “Энг яхши фойдали модел”, “Энг яхши саноат намунаси”, “Энг яхши селекция ютуғи”, “Энг яхши ЭҲМ учун дастур ва маълумотлар базаси” ҳамда “Ёшлар ўртасида энг яхши ЭҲМ учун дастур муаллифи” номинациялари бўйича талабномалар қабул қилинди.

Танловда қатнашиш учун Агентликка барча номинациялар бўйича жами 188 та талабнома келиб тушган, жумладан, ихтироларга 40 та, фойдали моделларга 22 та, саноат намуналарига 27 та ва селекция ютуқларига 7 та, шунингдек танловнинг Энг яхши ЭҲМ учун дастур ва маълумотлар базаси бўйича 92 та, ҳамда Ёшлар ўртасида энг яхши ЭҲМ учун дастури муаллифи номинациялари бўйича 17 та талабномалар келиб тушди.

Танлов комиссияси Агентликка келиб тушган барча талабномаларни Танлов Низомида келтирилган мезонларга мувофиқ кўриб чиқди ва танлов ғолиблари аниқланди.

Айнан бу йилги байрам тадбирларини аёл-ихтирочиларимизга бағишланганлиги, ҳамда танлов номинантлари орасида аёл муаллифларимиз ҳам борлиги қувонарли ҳолат. Жумладан, “Энг яхши ихтиро” номинацияси бўйича 3-ўрин “Стоматологик пломбаловчи маҳсулотнинг таркиби” номли патент муаллифи Рузибаева Азизага, “Энг яхши саноат намунаси” номинацияси бўйича 2-ўрин “Велосипедчи учун спорт кийими” номли патент муаллифлари Нигматова Фотима ва Касимова Азизаларга насиб этди. Барча номинациялар ғолибларига пул мукофотлари, қимматбаҳо совғалар ва дипломлар топширилди.

Шунингдек, бу йилги танловда барча номинациялар бўйича ғолиб бўлмаган, аммо эксперт комиссияси хулосасига кўра танлов комиссиясига тавсия этилган талабномалар эгалари Агентлик билан тегишли вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида рағбатлантирувчи фахрий ёрлиқлар билан тақдирландилар.

Матбуот анжумани давомида журналистларга Агентлик фаолияти ва соҳадаги ривожланиш тенденциялари, соҳанинг норматив-хуқуқий базасини такомиллаштириш, соҳага оид қонунларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида, Агентлик тассарруфидаги “IP-CENTER” ўқув маркази фаолияти бўйича маълумотлар берилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг