Валюта курслари 15/11/2024
$1 – 12800.13
UZS – -0.06%
€1 – 13467.02
UZS – -1.07%
₽1 – 129.02
UZS – -0.87%
Қидириш
Иқтисод 23/02/2024 Халқаро экспертлар Ўзбекистоннинг камбағалликка қарши курашдаги ютуқларини муҳокама қилди
Халқаро экспертлар Ўзбекистоннинг камбағалликка қарши курашдаги ютуқларини муҳокама қилди

Тошкентда бўлиб ўтган халқаро давра суҳбатида асосий масалалар, жумладан, камбағалликка барҳам бериш чора-тадбирлари ва ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотлар муҳокама қилинди. Самарали муҳокамаларда иштирокчилар ўзаро тажриба алмашдилар ва Ўзбекистоннинг камбағалликни қисқартириш борасидаги ютуқларини баҳоладилар.

Ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонда камбағаллик даражасининг ўзгариши илғор халқаро тажрибалар асосида қайта кўриб чиқилди. Статистика соҳасида ислоҳотлар амалга оширилди. Ихтисослашган ақл марказлари мунтазам равишда тадқиқот олиб боради.

2024 йил 23 февраль. Тошкент шаҳрида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан Жаҳон банки, БМТнинг Ўзбекистондаги Тараққиёт дастури ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги Болалар жамғармаси ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган «Ўзбекистоннинг камбағалликка қарши курашдаги ютуқлари: таҳлил ва хулосалар» мавзусидаги халқаро давра суҳбати ўз ишини якунлади.

Муҳокама форумида халқаро ташкилотлар, БМТ агентликлари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, хорижий тадқиқот марказлари ва оммавий ахборот воситалари экспертлари иштирок етди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон камбағаллик ва тенгсизликка қарши курашда трансформация дастурини илгари суришда муваффақиятга эришди. 2021 йилдан бошлаб мамлакатда камбағаллик даражаси 17%дан 11%гача камайди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳисоб-китобларига кўра, сўнгги уч йил давомида аҳоли даромадлари таркибида иш ҳақининг пасайиши ва кичик бизнеснинг ўсиши кузатилди. Шундай қилиб, 2021 йилда аҳоли даромадларида иш ҳақининг улуши 70,2%ни, кичик бизнес эса 0,7%ни ташкил этган бўлса, 2023 йил охирига келиб бу кўрсаткич мос равишад 62,7% ва 2,9%ни ташкил этди.

Иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти лауреати, АҚШ Миллий Фанлар Академияси аъзоси Абҳижит Банержи, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Хакимов, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли, БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили вазифасини бажарувчи Анас Фаяд Қарман, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчи Жоффри Ижумба давра суҳбати иштирокчиларига ўз самимий тилакларини билдиришди.

Давра суҳбати иштирокчиларига йўллаган видеомурожаатида проф. Банержи иштирокчиларни қутлаб, камбағалликни камайтириш масалаларини чуқурроқ ўрганишга ва дунёни ўзгартирадиган сиёсатни ишлаб чиқишга чақирди.

«Сизларни Тошкентда камбағалликни камайтириш ва унга қарши кураш масалаларига бағишлаб ўтказилаётган ушбу давра суҳбатида кўриб турганимдан хурсандман. Бу замонамизнинг энг катта муаммоларидан бири ва бу масалани ҳал қилишга илмий ёндашувни жорий этиш орқали, шунингдек, бугун бу ерда тўпланган ва уни ўрганишга чуқурроқ киришадиган тадқиқотчилар — буларнинг барчаси бизга ушбу дунёни ўзгартириши мумкин бўлган чора-тадбирларни ишлаб чиқишга имкон беради», - деди Абхижит Банержи.

Муваффақиятли муҳокама тилаб, камбағалликка қарши курашиш бўйича J-PAL глобал ташаббуси ҳаммуассиси «бу жараённинг (камбағалликка қарши кураш) бир қисми эканлигидан жуда ғурурланишини», таъкидлади ва у форумда “шахсан иштирок эта олмаётганидан”, афсусда эканлигини билдирди.

Обид Ҳакимов ўз мурожаатида камбағалликка қарши курашнинг 6 та асосий йўналишини белгилаб берди – хусусий сектор ва тадбиркорликни ривожлантириш, иш ўринлари яратиш, ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш, таълим сифати ва фойдаланиш имкониятларини ошириш, соғлиқни сақлаш ва тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда экологик хавфсизликни таъминлаш.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Ўзбекистон камбағалликни камайтиришга қаратилганини ва ҳар бир янги ислоҳот халқнинг хоҳиш-иродаси ва истакларини ифода этувчи тадқиқотлар асосида амалга оширилаётганини таъкидлади. 

«Бугунги кунда мамлакатимиз катта трансформацион жараёнларни бошдан кечирмоқда. Ўзгаришларга параллел равишда биз одамларнинг эҳтиёжларини ва муаммоларини ўрганамиз. Ўзбекистон камбағалликни камайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда», - деди Марказ директори.

Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиёдаги Глобал камбағаллик ва тенглик амалиёти менежери Амбар Нараян:
«2020 йилдан буён Ўзбекистонда камбағаллик бўйича статистик маълумотларни йиғиш борасида сезиларли ютуқларга эришилди, бу эса аҳолининг кам таъминланган қатламлари дуч келаётган муаммолар кўламини кенгроқ тушуниш имконини беради. Биз кам таъминланган оилаларнинг сифатли бандликка эришишига тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этиш муҳимлигини кўрмоқдамиз. Иқтисодий мобиллик ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига, жумладан, ёшлар, аёллар ва тажрибасиз ишчиларни ривожлантиришга сармоя киритишга устувор эътибор берилиши янада самарали иш ўринларини яратиш ва камбағалликни қисқартиришга ёрдам беради».

БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили вазифасини бажарувчиси Анас Файяд Қарман кириш сўзида қуйидагиларни қайд этди: 
«Камбағалликни фаровонлик ва ҳаёт сифати нуқтаи назаридан ҳар томонлама тушуниш учун биз мамлакатлар пул ва номонетар ўлчовларни ҳисобга олишлари керак деб ҳисоблаймиз. Оддий ва тушунарли форматда қанча кўп маълумотлар мавжуд бўлса, қарор қабул қилувчилар камбағалликни барча шакллари ва ўлчовларида камайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини мақсад қилиб олишлари учун кўпроқ воситаларга эга бўладилар».

ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчиси Жоффри Ижумба Ўзбекистоннинг болалар камбағаллигига барҳам бериш бўйича миллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш борасидаги саъй-ҳаракатларини олқишлади ва «бу йўлдаги биринчи қадам - муаммо кўламини баҳолаш» деб атади. 

«Болалар камбағаллиги муаммосини биринчи ўринга қўйиш, шунингдек, тегишли чора-тадбирлар ва дастурларни ишлаб чиқиш Ўзбекистонга «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида қайд этиланганидек, камбағалликни қисқартириш борасидаги мақсадларига эришиш имконини беради. Шунингдек, болаларнинг ўта камбағаллигини тугатиш ва миллий таърифга кўра уни икки баравар камайтириш бўйича БРМ мақсадларига эришишга ёрдам беради».

Давра суҳбатида ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш, ресурслардан тенг фойдаланиш учун иқтисодий ва молиявий шароитларни таъминлаш, камбағалликни бартараф этиш дастурларига ресурсларни сафарбар этиш бўйича ислоҳотлар муҳокама қилинди.

Давра суҳбатида Ўзбекистоннинг камбағаллик ва тенгсизликка қарши курашдаги фаол ҳаракатлари алоҳида таъкидланди. 2 миллион 300 мингдан ортиқ эҳтиёжманд оилалар, хотин-қизлар, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахмлар ижтимоий ҳимоя тизими томонидан тўлиқ қамраб олингани қайд этилди.

Экспертлар Ўзбекистонда камбағалликка қарши курашга қаратилган ислоҳотлар ҳақида гапирар экан, ижтимоий дастурлар яратиш, камбағалларни қўллаб-қувватлаш мақсадларини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш, қабул қилинаётган турли дастурлар самарадорлигини тушуниш учун қўлланилаётган воситаларга эътибор қаратдилар.

Форум доирасида хорижлик экспертлар ва ҳамкорларга “маҳаллабай” тизими асосида жойларда олиб борилаётган ишлар тақдим этилди. Муҳокамалар якунида экспертлар Ўзбекистондаги стратегия ва давлат дастурлари таъсирини мониторинг қилиш ва самарадорлигини баҳолаш, шунингдек, камбағалликни камайтиришнинг ўзбек моделини чуқурроқ ўрганиш зарурлигини таъкидладилар.

Шу билан камбағалликни камайтириш бўйича халқаро давра суҳбати ўз ишини якунлади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг