Бундан ташқари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш, хусусий мулкни ривожлантириш ва ҳимоя қилиш, соҳадаги барча тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш чора-тадбирларига устувор аҳамият қаратилган.
Мамлакатимизнинг мустақил тараққиёт тажрибаси ҳамда ривожланган демократик давлатларнинг амалиёти иқтисодиётнинг барқарор ўсиш суръатларида, иш ўринларини яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ва фаровонлигини таъминлашда кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликнинг ўрни беқиёс эканидан далолат беради.
Бугунги кунда мамлакатимизда иш билан банд аҳолининг 78 фоизга яқини айнан шу соҳада меҳнат қилмоқда, корхоналарнинг 90 фоиздан ортиғи хусусий ва корпоратив мулкчиликда фаолият юритаяпти, уларда саноат маҳсулотларининг 80 фоиздан ортиғи ишлаб чиқарилаётир. Қишлоқ хўжалиги соҳасида тайёрланаётган маҳсулотлар, улгуржи ва чакана товар айирбошлашнинг жами ҳажми ва кўрсатилаётган хизматларнинг барчаси нодавлат ва хусусий сектор ҳиссасига тўғри келмоқда. Мамлакатимизда истиқомат қилаётган ҳар минг кишига қарийб 11,1 кичик бизнес субъекти тўғри келмоқда. Ушбу кўрсаткич МДҲ мамлакатларига нисбатан анча юқори ҳисобланади. Охирги ўн йилда аҳолининг тадбиркорлик фаолиятидан реал даромадлари барча манбадан келувчи даромадларнинг 50 фоизидан ортди.
Таҳлиллардан аён бўлишича, кичик бизнес субъектлари миллий иқтисодиётимизнинг ажралмас бўғинига, кўплаб иқтисодий ва ижтимоий масалаларни ҳал қилиш, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш, одамлар фаровонлигини оширишнинг локомотивига айланди. Хусусий тадбиркорлар мулкдорлар, яъни ўрта синфи сифатида мамлакатни модернизация қилиш ва янгилаш, жамиятнинг барқарор тараққиётини таъминлашнинг мустаҳкам таянчи саналади.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, қулай бизнес муҳитини шакллантириш нафақат миллий иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда унинг рақобатдошлигини оширишга, балки, энг аввало, аҳоли турмуш даражасини янада юксалтиришга қаратилган. Шу сабабли партиямиздан номзод Шавкат Мирзиёев қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини шакллантириш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликка имтиёз ва преференциялар бериш, соҳадаги ҳуқуқбузарликлар учун жиноий жавобгарликни либераллаштиришга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чораларга урғу бермоқда.
Сайловолди дастурида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, улар фаолиятига ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш, тадбиркорлик фаолиятини назорат қилиш тизимини тубдан қайта кўриб чиқишга доир таклифлар илгари сурилган. Маълумки, кўплаб корхоналар банк кредитлари эвазига ривожланиб, кенг қулоч ёймоқда. Шу сабабли Шавкат Мирзиёев кичик бизнес субъектларини кредитлаш билан боғлиқ қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ташаббуси билан чиқмоқда. Сўнгги ўн йилда хусусий секторга кредитлар ажратиш суръатларининг ўртача йиллик ўсиши 30 фоизни ташкил этди, аниқроғи, 29 карра ортди, микрокредитлар ажратиш кўрсаткичлари эса 56 баробар ўсди. Бу жараён келгусида сифат жиҳатидан янги босқичда давом эттирилади.
Номзодимизнинг фикрича, тадбиркорларни суд йўли билан ҳимоя қилишни кучайтириш ва уларнинг жавобгарлигини либераллаштириш, айни пайтда хўжалик фаолиятига ноқонуний аралашгани учун мансабдор шахсларнинг масъулиятини кучайтириш орқалигина ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва иқтисодиётнинг жадал ривожланишига эришиш мумкин. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятига давлат органларининг аралашувини тубдан қисқартириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмаслик тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналиши ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси этиб белгиланди.
Шунингдек, Сайловолди дастурида солиқ бошқаруви ва банк фаолиятида замонавий тартибга солиш механизмларини жорий этиш, қолаверса, рухсат беришга оид ҳужжатлар ва лицензиялар бериш тартиб-таомилларини соддалаштиришга доир аниқ чора-тадбирлар таклиф этилмоқда. Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари устуворлиги тамойилини мустаҳкамлаш ҳамда сўзсиз амалга оширилишини таъминлаш, мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш кўзда тутилган. Уларнинг тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашиши оқибатида етказилган зарарни ундириш механизмлари таъминланади. Бу ишбилармонларга ўз бизнесини самарали юритиш ва иқтисодиётга муносиб ҳисса қўшиш имконини беради. Албатта, текширувлар сонининг қисқариши тадбиркорларнинг вақти ва маблағларини иқтисод қилади. Бинобарин, бугунги замонавий тадбиркор учун ҳар кун ва ҳар дақиқа қадрли.
Тадбиркорлик фаолиятини ҳуқуқий тартибга солишни янада такомиллаштириш мақсадида “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”, “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”, “Давлат харидлари тўғрисида”, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳамда бошқа қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш таклифи илгари сурилди. Ушбу қонунлар коррупция тусидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилишга қаратилган чораларни такомиллаштириш ҳамда қонунлар ижроси устидан парламент назоратини кучайтиришга йўналтирилган. Олдинлари тадбиркор зарур масалаларни ҳал этиш учун турли органлар эшигида сарсон бўларди, баъзан фаолиятини вақтинча тўхтатган бўлса, қонунчиликка киритиладиган янгиликлар бундай ҳолатларга чек қўйиш имконини беради.
Хусусий сектор вакилларининг айтишича, тадбиркорлик субъектларига нисбатан ишбилармонлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги жиноий жазо қўллашнинг бекор қилиниши тадбиркорлар учун қўшимча рағбат, ўз ишини нотўғри юритган, буни англаб етган ҳамда етказилган зарарни қоплаган ишбилармонлар учун эса керакли сабоқ чиқариш, аввалги хатоларни инобатга олган ҳолда фаолиятини янгидан бошлаш учун яна бир имконият бўлиб хизмат қилади. Давлат томонидан кўрсатилаётган бундай эътибор ва кўмакка бизнес вакиллари, албатта, муносиб жавоб қайтаради. Ташаббускор ва ишига масъулият билан ёндашувчи ишбилармонлар буни чуқур англаб, Ватанимиз иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш йўлида астойдил меҳнат қилишга тайёрлигини билдиришмоқда.
Умуман, Сайловолди дастурида назарда тутилган чора-тадбирларнинг рўёбга чиқарилиши мамлакатимизда ишбилармонлик ва инвестициявий муҳитни яхшилаш, суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш, пировардида мамлакатимиз иқтисодий салоҳияти, халқимиз фаровонлигининг юксалишига олиб келади.
Бу эзгу мақсад юртимиз эртасида ўз инъикосини топсин, мамлакатимиз келажакда дунёнинг энг тараққий топган давлатлари қаторида ўз муносиб ўрнига эга бўлсин, деган фуқароларни БИЗНИНГ НОМЗОД – ШАВКАТ МИРЗИЁЕВга овоз беришга чақирамиз.
O‘zLiDeP матбуот хизмати