Валюта курслари 01/08/2025
$1 – 12692.42
UZS – 0.8%
€1 – 14511.24
UZS – -0.24%
₽1 – 158.44
UZS – 3.0%
Қидириш
Ўзбекистон 02/08/2025 Вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарлик либераллаштирилмоқда

Вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарлик либераллаштирилмоқда

 

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Кейинги йилларда юртимизда болаларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, уларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини давлат томонидан кафолатлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Сенатнинг 9-ялпи мажлисида сенаторлар томонидан муҳокама қилинган “Вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарлик янада либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун ҳам ана шу ислоҳотларнинг мантиқий давомидир.

Статистик рақамларга кўра, Мамлакатимизда 2023 йилда 1 911 нафар, 2024 йилда 2214 нафар вояга етмаган шахс жиноий жавобгарликка тортилган ва  судланган. Ўтган йилда  ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар 1 238 та, унча оғир бўлмаган жиноятлар сони эса 855 тани ташкил қилган.

Мазкур Қонун “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга доир Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қонун билан Жиноят кодексининг бир қатор  моддаларига қўшимча ва ўзгартиш киритилмоқда.

Жумладан, ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар содир этган ўта оғир бўлмаган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахс судланмаган деб ҳисобланиши белгиланмоқда.

Шунингдек, Қонунда вояга етмаганларга нисбатан озодликни чеклашнинг ҳамда озодликдан маҳрум қилишнинг энг кам муддати олти ойдан бир ойгача қисқартирилиши назарда тутилмоқда.

Сенаторларнинг фикрича, ушбу Қонун вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарликни янада либераллаштиришга хизмат қилади ва ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар содир этган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахсга ҳаётини судланганлик тамғасидан холи тарзда давом эттириши учун шароит яратади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг