Visaа Санжар Сулаймоновни Марказий Осиё бўйича вице-президент ва минтақавий менежер этиб тайинлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Visa компанияси Санжар Сулаймоновни Марказий Осиё бўйича вице-президент ва минтақавий менежер лавозимига тайинланганлигини эълон қилди.
Санжар ўзининг янги лавозимида инновацион ечимлар ва рақамли тўловларни кенгайтириш, шунингдек, Visa ўз ҳамкорлари – банклар, савдогарлар ва карта эгаларига етказадиган қийматни оширишга эътибор қаратган ҳолда Visa нинг минтақадаги бизнесини бошқаради.
Санжар Visa компаниясига 2020 йилда Visa Direct компаниясининг Марказий Осиёдаги директори сифатида қўшилган. 2023-йилда у Украина, Грузия, МДҲ давлатлари ва Жануби-Шарқий Европада Visa Direct тизимини ривожлантиришни назорат қилишни бошлади. Visa га келишидан олдин Санжар 15 йилдан ортиқ вақт банк ва консалтинг соҳасида ишлаган, Алфа-Банк Қозоғистон, Qazkom Bank, KPMG, Сбербанк Қозоғистон ва HSBC каби ташкилотларда бизнесни ривожлантириш, корпоратив молия, лойиҳалар ва маҳсулотларни бошқариш бўйича лавозимларда ишлаган.
“Биз Санжар Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон бўйича вице-президент ва минтақавий менежер лавозимига тайинланганини мамнуният билан эълон қиламиз. Санжар молия соҳасида ўн беш йилдан ортиқ, жумладан, Visa компаниясида беш йиллик тажрибага эга бўлиб, минтақада нақд пулсиз иқтисодиётни ривожлантириш ва илғор технологияларни жорий этишга катта ҳисса қўшади. Visa Марказий Осиё бозорида 30 йилдан ортиқ вақтдан бери фаолият юритиб, рақамли тўловлар ва инновацияларни фаол илгари сурмоқда. Ўтган йиллар давомида биз нафақат минтақада, балки жаҳон миқёсида илғор ечимларни татбиқ этувчи иқтидорли мутахассислар жамоасини шакллантирдик”, — дейди Кристина Дорош, Катта вице-президент ва Visa нинг CISSEE минтақаси (МДҲ, Марказий Осиё, Украина, Грузия ва Жануби-Шарқий Европа) бўйича менежери.
“Кўрсатилган ишонч учун миннатдорман ва барча эътиборни минтақамизда рақамли тўловларни янада ривожлантиришга қаратаман. Марказий Осиё тўлов технологиялари ва молия сектори эволюцияси нуқтаи назаридан ноёб имкониятларга эга. Жамоа билан биргаликда биз инновацияларни давом эттирамиз, тезроқ, қулайроқ ва хавфсиз тўлов ечимларини тақдим этамиз ва шу орқали нақд пулсиз иқтисодиётнинг ўсишига ҳисса қўшамиз”, — деди Санжар Сулаймонов, вице-президент, Visa нинг Марказий Осиёдаги минтақавий менежери.