Учрашувда Ўзбекистон билан Вьетнам ўртасида савдо-иқтисодий, маданий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш учун улкан имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.
Икки мамлакат ўртасида парламентлараро алоқалар мустаҳкамланиб бормоқда. Демократик ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини ўрганишга қаратилган учрашувлар ўтказилмоқда ҳамда парламент делегациялари ташрифлари амалга оширилмоқда.
Учрашувда томонлар парламентлараро алоқаларнинг бугунги ҳолати ҳамда истиқболларини, уни янада ривожлантириш бўйича тадбирлар ташкил этиш, қонун ижодкорлиги бўйича тажриба алмашиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Вьетнам делегацияси аъзолари мамлакатимиз Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, унинг қўмиталари ва фракциялари фаолияти билан таништирилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида бўлган учрашувда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, фан, таълим, маданият ва туризм соҳаларидаги алоқаларни ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашувини фаоллаштиришга оид масалалар муҳокама қилинди, деб хабар беради ЎзА.
Вьетнам парламенти делегацияси Ўзбекистон билан парламентаризм, таълим, туризм ва бошқа соҳалардаги алоқаларни ривожлантиришдан манфаатдор эканини қайд этди.