Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Иқтисод 02/11/2023 Ветеринария хизматларини хусусийлаштириш керакми?
Ветеринария хизматларини хусусийлаштириш керакми?

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари ветеринария хизматларини хусусийлаштириш бўйича хорижий тажрибани ўрганди ва Ўзбекистондаги ҳолатни таҳлил қилди.

Ривожланган мамлакатларда ветеринария хизматлари «истеъмолчи тўлайди» қоидаси бўйича хусусий асосда кўрсатилади. Ривожланаётган мамлакатлар ҳам аста-секин асосан давлат тасарруфидаги ветеринария хизматларидан воз кечиб, уларни марказлаштирмаслик ва хусусийлаштиришга ўтмоқда.

Янги Зеландия ветеринария фаолиятини «эътирозсиз» ва «эътирозли» қисмларга ажратади. Бунда ҳукумат тартибга солиш ва баъзи хизматлар кўрсатилишини таъминлайди, клиник ва профилактик ветеринария хизматлари эса хусусий асосда кўрсатилади. Бундан ташқари, мамлакатнинг хусусий ветеринария шифокорлари сони кам бўлган ҳудудларида чорвадорларнинг ўзлари пара-ветеринарнинг бир қатор вазифаларини бажаради.

Кения ветеринария уюшмаси хусусий клиникаларни очиш учун кредитлар ажратди. Гарчи биринчи босқич муваффақиятли ўтган бўлсада, иккинчи босқичда кредитларни қайтариш билан боғлиқ муаммо юзага келди. Бундан ташқари, пара-ветеринарларга мотоцикл сотиб олиш учун кредитлашнинг махсус схемаси таклиф қилинди.

Ўзбекистонда чорвачиликда маҳсулдорликни ошириш учун республикада мавжуд чорва молларининг сифатини яхшилаш зарур. Бунга эришиш йўлларидан бири ветеринария хизматини ривожлантиришдир.

2017-2022 йилларда республикада кўрсатилган ветеринария хизматлари ҳажми 2,9 баробар, жумладан, давлат ветеринария хизмати томонидан кўрсатилган хизматлар ҳажми 1,7 баробар, хусусий ветеринария шифокорлари томонидан кўрсатилган хизматлар ҳажми 5,5 баробар ошди.

Республика бўйича кўрсатилган ветеринария хизматларининг умумий ҳажмида хусусий ветеринария шифокорлари томонидан кўрсатилган хизматлар улуши 2017-йилдаги 28,9 фоиздан 2022-йилда 56,3 фоизгача ошди.

Ветеринария хизматларини хусусийлаштириш жараёнини фаоллаштириш бўйича тавсиялар:

- ветеринария хизматлари аудитини ўтказиш ва хусусий сектор жавобгарлиги остига ўтказилиши ёки ДХШ тамойили бўйича амалга оширилиши мумкин бўлган хизматларни аниқлаш;

- ветеринария ходимларини тайёрлашни яхшилаш, асосий эътиборни амалиётга кўпроқ вақт ажратишга қаратиш;

- қишлоқ жойларда майда чорвадорлар ва иш билан банд бўлмаган ёшлар учун пара-ветеринария хизмати кўрсатиш бўйича ўқув курслари ва тренинглар ўтказиш орқали пара-ветеринария мутахассисларини тайёрлаш;

- ветеринария қонунчилигини қайта кўриб чиқиш ва уни ветеринария ва фитосанитария чоралари бўйича ЖСТ талаблари ва тамойилларига мувофиқлаштириш мақсадга мувофиқ.

 

 
 

 

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг