Uzum Tencent ва VR Capital'дан 70 миллион доллар инвестиция жалб қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг рақамли экотизими бўлган Uzum 70 миллион доллар миқдорида инвестиция жалб қилди. Бу орқали Tencent каби Хитойнинг йирик технология гиганти ва халқаро инвестиция фонди VR Capital мамлакатдаги ИТ-компанияга илк бор инвестиция киритди. Инвестиция раундида FinSight Ventures фонди ҳам иштирок этди.
Компания маълумотига кўра, ушбу инвестициялардан сўнг Uzum'нинг умумий баҳоси тахминан 1,5 миллиард долларга етди.
Жалб этилган маблағлар ўз финтех инфратузилмасини ривожлантириш, маҳсулотлар турини кенгайтириш, электрон савдо учун рақамли ечимларни жорий этиш, шунингдек, тадбиркорлар ва миллионлаб хусусий фойдаланувчилар учун сервисларни такомиллаштиришга йўналтирилади.
Компания таъкидлашича, ҳар ойда мамлакат аҳолисининг ярми Uzum маҳсулотларидан фойдаланади ва экотизим тез суръатларда ривожланмоқда.
«Юқори технологияли жаҳон компаниялари ва фондларининг миллий рақамли экотизим ривожини қўллаб-қувватлаётгани ҳамда мамлакатимизнинг улкан салоҳиятини тан олаётганидан мамнунмиз», — дейилади Uzum'нинг баёнотида.