Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Uzbekistan Airways миллий авиакомпаниясининг HY686 рейсида, 31 декабрдан 2025 йил 1 январга ўтар кечаси Сочидан Тошкентга учган йўловчи ҳаво кемаси саҳнида одоб-ахлоқ қоидаларини бузгани учун жавобгарликка тортилди.
Компания маълумотига кўра, ушбу йўловчи алкоголли ичимликлар истеъмол қилган, борт кузатувчиларининг танбеҳларига агрессивлик билан жавоб қайтарган, йўловчиларга ноқулайлик туғдирган ҳамда экипаж аъзоларига нисбатан ёқимсиз хатти-ҳаракатларни содир этган.
Самолёт Тошкентга қўнганида, Ўзбекистон Халқаро аэропортининг Транспорт хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси ходимлари чақирилиб, ҳуқуқбузарлик бўйича текширув ўтказилди ва иш судга оширилди.
Суд йўловчини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси (Жинсий тазйиқ) ва 187-моддаси (Жамоат жойларида алкоголли ичимликлар истеъмол қилиш) бўйича айбдор деб топди. Унга беш сутка ҳибс жазоси тайинланди ва 1 БҲМ (375 минг сўм) миқдорида жарима солинди.
#Uzbekistan Airways