Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2024 йил 26 декабрь куни Uzbekistan Airways муҳим маррага эришганини эълон қилди – 2024 йилда ташилган йўловчилар сони 6 миллионга етди. Шундай қилиб, авиакомпания нафақат жорий йил бошида қўйилган вазифаларни муваффақиятли бажарди, балки Ўзбекистон Республикасининг энг йирик авиаташувчиси сифатидаги мавқеини яна бир бор мустаҳкамлади.
Авиакомпаниянинг Тошкент аэропортидаги вакили 26 декабрь куни HY765 Тошкент – Олмаота авиақатновида рўйхатдан ўтиш вақтида 6 миллионинчи йўловчи аниқланганини маълум қилди. Бу омадли йўловчи Қозоғистон Республикаси фуқароси Николай Курило бўлди. Ушбу воқеа муносабати билан аэропортнинг учиш залида йўловчини байрамона кутиб олиш маросими ташкил этилди. Бахтли йўловчига Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг эсдалик совғалари топширилди.
“2024 йил бошида биз ўз олдимизга улкан мақсад ва вазифаларни қўйдик. Бутун жамоанинг ҳамжиҳатликдаги меҳнати, юксак масъулияти ва самарали бошқаруви туфайли авиакомпаниямиз ўз фаолияти давомида илк бор шундай муҳим натижаларга эришгани билан фахрланаман. Айниқса, авиаташувчиларнинг бизнинг бозоримиздаги юқори рақобат шароитида бу ҳодисанинг содир бўлаётгани қувонарли. Бугунги кўрсаткич нафақат рақам, балки мижозларимизнинг ишончи ва биз уни оқлаш учун барча имкониятларни ишга соламиз. Ўз саёҳатлари учун бизни танлаган ҳар бир йўловчига миннатдорчилик билдираман”, – деди “Узбекистан Airways” АЖ Бошқаруви раиси Шухрат Худайкулов.
Uzbekistan Airways энг жадал ривожланаётган авиакомпаниялардан бири ҳисобланади. 2024 йилда Uzbekistan Airways халқаро авиақатновлар тармоғини сезиларли даражада кенгайтирди, 11 та янги мунтазам йўналиш очилди ҳамда ҳаво кемалари паркини модернизация қилиш учун сармоя киритиш давом эттирилмоқда. Йўловчиларга юқори даражада хизмат кўрсатиш ва юқори хавфсизлик стандартларига содиқ қолиш компания учун асосий устуворлик бўлиб қолмоқда.
#Uzbekistan Airways