Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Халқаро автомобилсозлик саноатининг етук мутахассиси ҳисобланган Бо Андерссон сўнгги уч йил давомида эгаллаб турган “UzAuto Motors AJ” АЖ ва “UzAuto Motors Powertrain” АЖ бош директори лавозимидаги фаолиятини якунламоқда.
Ушбу муносабат билан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда жаноб Андерссоннинг Ўзбекистон автомобилсозлик саноати ривожига қўшган ҳиссалари ва кўрсатган хизматлари қайд этиб ўтилди.
Таъкидланганидек, жаноб Андерссон раҳбарлигида ишлаб чиқариш кўрсаткичлари сезиларли даражада оширилди. Шунингдек, “UzAuto Motors AJ” АЖ нинг Андижон ва Хоразм вилоятларидаги корхоналарида енгил автомобиллар ишлаб чиқариш миқдорининг ўсиши кузатилди, маҳсулот сифати яхшиланди ва автомобиль моделлари рўйхати кенгайтирилди.
2023 йил корхона фаолиятидаги энг аҳамиятли йиллардан бири бўлди: конвеердан 395 400 дона автомобиль ишлаб чиқарилди. Бу кўрсаткич ўтган йилга қараганда 20 фоизга кўпроқдир. Жорий йилда ҳам корхонанинг ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ўтган йилдан кам бўлмайди.
Корхона жамоасининг фидокорона меҳнати туфайли сўнгги уч йил ичида Янги Ўзбекистон автомобилсозлик саноати енгил автомобиллар ишлаб чиқариш бўйича МДҲ ва Марказий Осиё давлатлари орасида етакчиликка эришди, Chevrolet бренди бозор ҳажми бўйича дунёда иккинчи ўринни эгаллади.
Ўтган йиллар давомида эришилган энг муҳим ютуқлардан бири иккита янги машҳур моделлар – Chevrolet Tracker (кроссовер) ва Chevrolet Onix (седан)нинг оммавий ишлаб чиқаришга киритилиши бўлди. Корхонанинг замонавий GM GEM (Global Emerging Markets) агрегат платформасига ўтиши ушбу ютуққа эришишга имкон яратди.
Қайд этиш жоизки, Ўзбекистонда автомобиль ишлаб чиқариш тўлиқ циклда – штамплаш, пайвандлаш, бўяш ва йиғиш жараёнлари воситасида амалга оширилади. Барча двигателлар Тошкент шаҳрида жойлашган “UzAuto Motors Powertrain” корхонасида ишлаб чиқарилади. Бугунги кунда Ўзбекистонда автомобиль ишлаб чиқаришнинг маҳаллийлаштирилганлик даражаси 50 фоиздан ошади. Мазкур натижага асосий бутловчи қисмларнинг салмоқли қисмини мамлакатимизда ишлаб чиқариш эвазига эришилмоқда.
Эътиборлиси шундаки, молиявий нуқтаи назардан олиб қараганда, жаноб Андерссоннинг Ўзбекистондаги фаолияти компания учун муваффақиятли бўлди – ўртача соф даромад 6 фоиздан ошди.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, ўтган давр мобайнида “UzAuto Motors AJ” АЖ IPO (акцияларни бирламчи оммавий жойлаштириш) ўтказди. Унинг муваффақиятига жаҳон автомобилсозлик саноатининг энг етук топ-менежерларидан бирининг фаолияти ҳам ўз ҳиссасини қўшди.
– Ўтган 3,5 йил давомида эришган барча натижалар бутун жамоамиз: муҳандислар, менежерлар, усталар ва энг муҳими ишчилар меҳнатининг самарасидир. Ҳар қандай корхонанинг асоси одамлар эканига ишончим комил. Сўнгги йиллардаги муҳим натижалар қаторида корхонада барчани муваффақиятлар ва натижаларга кўра рағбатлантириш имконини берувчи аниқ ва тўғри KPI тизимининг жорий этилганлигини алоҳида таъкидлашдан хурсандман, — дея таъкидлади Бо Андерссон.
Тадбир сўнггида, “UzAuto Motors AJ” Янги Ўзбекистон ҳақиқий иқтисодий ўсишининг асосий омилларидан бири эканлиги, юксак истиқболга эгалиги ва жаҳон автомобилсозлик саноатида эътироф этилиши таъкидланди.