Валюта курслари 19/11/2024
$1 – 12825.01
UZS – 0.1%
€1 – 13552.19
UZS – 0.15%
₽1 – 128.62
UZS – 0.19%
Қидириш
Ўзбекистон 03/01/2017 Устувор вазифалар белгилаб олинди
Устувор вазифалар белгилаб олинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016-йил 28-декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонидан келиб чиқадиган муҳим вазифалар муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси марказий кенгаши раиси Ҳ.Кетмонов ва бошқалар кексаларни эъзозлаш, саломатлигини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар жамиятимиздаги барқарорлик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Мамлакатимизда ёши улуғ инсонларнинг муносиб ҳаёт кечириши учун барча шароит яратилмоқда. Зеро, улар юртимизда тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш, Ватанимизнинг иқтисодий салоҳияти юксалишига катта ҳисса қўшган.

Йиғилишда ўтган йилларда ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларни қўллаб-қувватлаш, тиббий-ижтимоий ёрдамни кучайтириш бўйича улкан ишлар амалга оширилгани қайд этилди. Кексалар ва пенсионерлар учун мўлжалланган Саховат ва Мурувват уйлари моддий-техник базаси, ёлғиз кексалар, пенсионер, ногиронларнинг турар жой шароитлари яхшиланди.

Фармонда Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси номи Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси этиб ўзгартирилиши кўзда тутилган. Бу ушбу ташкилот фаолиятини тубдан ўзгартириб, нафақат кексаларимизни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, балки уларнинг бой хаётий тажрибасини ёш авлодни Ватанга муҳаббат, халқимизнинг кўп асрлик анъаналарини ҳурмат қилиш руҳида тарбиялашга йўналтирилган ижтимоий фаолиятга жалб этишга хизмат қилиши қайд этилди.

Нуронийлар учун назарда тутилган пенсиялар ва имтиёзлар бўйича қонун ҳужжатлари қоидалари ижроси устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш, эҳтиёжманд кексаларни ва аҳолининг бошқа қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва тиббий ёрдам билан таъминлаш борасида белгиланган чоралар Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг сайловолди дастурида белгиланган вазифаларга тўлиқ мос келиши алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Йиғилишда мазкур фармон ижросини таъминлашда Ўзбекистон Халқ демократик партияси олдида турган вазифалар белгилаб олинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг