АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги билан мавжуд таълим тизимини ривожлантиришда кўмаклашиш грант шартномасига (DOAG) қўшимча 5,35 миллион доллар ажратди. DOAG USAIDнинг 2019-2026 йилларга мўлжалланган умумий ўрта таълим тизимини кенг қамровли ислоҳ қилиш бўйича Халқ таълими вазирлигининг дастурини қўллаб-қувватлаш учун 55 миллион доллар сармоя киритиш мажбуриятини ифодалайди.
USAID миссияси директори Микаэла Мередит бу борада шундай деди: “Таълим қашшоқликни камайтириш ва саломатлик, тенглик, тинчлик ва барқарорликни яхшилаш учун кучли воситадир. Болалар ва ёшлар мактабга боришга, яшаш ва ишлаш учун зарур бўлган кўникмаларни ўрганишга ва эгаллашга тайёр бўлса, улар ўзлари, оилалари, жамиятлари ва мамлакати учун яхши келажак қуришлари мумкин”. У яна шундай қўшимча қилди: “Ишончим комилки, яқиндан ҳамкорлик давом этар экан, биз USAIDнинг қўшимча сармояси вазирликни таълимни ислоҳ қилиш мақсадларига эришишда қўллаб-қувватлашини таъминлаймиз”.
Янги маблағлар давом этаётган дастурларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади. USAID инглиз, ўзбек тиллари, математика ва ахборот-коммуникация технологияларини ўқитишни такомиллаштириш мақсадида Халқ таълими вазирлиги билан ўқитувчилар малакасини ошириш, дарсликлар, иш дафтарлари ва ўқитувчилар учун қўлланмалар билан таъминлашда ҳамкорлик қилади. Қўшимча маблағлар, шунингдек, 8-11-синф ўқувчиларини келажак иқтисодиётида иш ўринларини таъминлаш ва яратиш учун зарур бўлган тадбиркорлик ва иқтисодий кўникмалар билан таъминлаш бўйича USAIDнинг вазирлик билан олиб бораётган ишларини ҳам қўллаб-қувватлайди.