Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — АҚШнинг халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистон Божхона қўмитасида фаолият юритаётган аёл ходимларни замонавий IT малакасига эга қилиш бўйича ўқув дастурини якунлади. Ўқув жараёни USAIDнинг Марказий Осиёда савдони ривожлантириш дастури доирасида IT академияси ҳамкорлигида ташкил этилди. Натижада 287 нафар божхона ходими замонавий рақамли компетенцияларни эгаллади.
Дастур иштирокчиларга рақамли технологияларни ўзлаштириш, уларни профессионал фаолиятда самарали қўллаш, етакчилик кўникмалари ва ўз-ўзига ишончни ошириш имкониятини яратди.
Ўқув жараёнида ахборот тизимларини бошқариш ва маълумотларни таҳлил қилиш воситаларини амалда қўллашга алоҳида эътибор қаратилди. Бу билимлар ходимларга яхши қарорлар қабул қилиш, божхона жараёнларининг тезкорлигини ошириш ва чегаралари савдони соддалаштиришга ёрдам беради.
Сертификатлар топшириш маросимида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси муваққат ишончли вакили Хезер Бёрнс божхона тизими модернизациясида аёлларнинг иштирокининг аҳамиятини таъкидлади:
«Аёл мутахассислар божхона хизмати келажагига катта таъсир кўрсатмоқда, ёш етакчилар авлодини илҳомлантириб, инновацион ёндашув ва бошқарувнинг намунасини кўрсатмоқда. АҚШ рақамлаштириш, иқтисодий ўсиш ва хавфсизликни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшишдан фахрланади ва "Рақамли Ўзбекистон 2030" стратегиясини қўллаб-қувватлайди».
Мазкур ўқув дастури Божхона қўмитаси ходимларининг касбий тайёргарлигини ошириш, уларнинг техник кўникмаларини ривожлантириш ва тез ўзгарувчи рақамли муҳитга мослашувчанликни таъминлашда муҳим ўрин тутди.
Ўзбекистонда божхона жараёнларининг рақамлаштирилиши халқаро савдони тезлаштириш, инсон омили билан боғлиқ хатоларни минималлаштириш ва коррупция хавфини камайтиришга кўмаклашади. Аёлларнинг IT соҳасида малакасини ошириш давлат секторида гендер тенглигини мустаҳкамлашга ҳисса қўшади, бу эса мамлакатнинг барқарор ривожланиши учун муҳим қадам ҳисобланади.