Бугун AҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритаётган ҳунарманд аёллар ва жун маҳсулотларини қайта ишлаш билан шуғулланаётган тадбиркорлар учун маҳаллий кигиз ва ундан тайёрланадиган маҳсулотларнинг сифатини янада оширишга қаратилган бизнес дастурини ишга туширди. Иштирокчилар лойиҳа томонидан сафарбар қилинган юқори малакали мутахассислардан жунни қайта ишлашнинг замонавий технологиялари ва ушбу йўналишни барқарор ривожлантиришга қаратилган молиявий саводхонлик каби қатор масалалар бўйича кўрсатмалар олиб, мазкур ҳунармандчилик йўналишининг ривожланишидаги мавжуд тўсиқларни бартараф этилишига ҳисса қўшишади. Шунингдек, дастур аёллар бошчилигидаги ушбу қадимий қорақалпоқ ҳунармандчилик фаолиятини қайта тиклашга ҳам хизмат қилади.
«AҚШ Ўзбекистон ҳукуматининг ўз иқтисодиётини диверсификация қилиш, товар айирбошлашни кўпайтириш ва Ўзбекистон аҳолиси, жумладан, аёллар ва ёшлар учун мазмунли бандлик манбаиларини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди. USAID аёллар ва қизларнинг малакали ходимлар ва тадбиркорлар сифатида иш кучига киришини кенгайтириш тарафдори. Бу дастур глобал иқлим ўзгариши ва Орол денгизи инқирозининг оқибатларини ўз зиммасига олган аёлларнинг имкониятларини кенгайтиради», - деди USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Микаэла Мередит.
Кигиз тайёрлаш Қорақалпоғистоннинг ноёб маданий меросининг муҳим омили бўлиб, асрлар давомида маҳаллий иқтисодиётнинг асоси бўлиб келган. Сўнгги йилларда Орол денгизи инқирози ўлка иқлимини ўзгартирганлиги сабабли хомашё сифатига салбий таъсир кўрсатди. Натижада тайёр маҳсулотларнинг паст ҳажми ва сифатсизлиги бир пайтлар гуллаб-яшнаган ҳунармандчилик турини йўқолиб кетиши ҳавфини туғдирмоқда. Орол денгизининг қуриши
оқибатлари, жумладан Қорақалпоғистонда кўплаб анъанавий саноат тармоқларининг инқирозга учраши ва шу ўринда иш ўринлари, ҳамда аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Дастур доирасида USAID маҳаллий ҳунарманд аёлларга жун ишлаб чиқариш ва қайта ишлашнинг замонавий технологияларидан фойдаланиш орқали хомашё сифатини ошириш йўлларини ўргатади, ҳамда асбоб-ускуналар сотиб олишни молиялаштириш ва янги бозорларга чиқишга кўмаклашади. Бунинг натижасида ҳунармандларда мавжуд жун маҳсулотларини диверсификация қилиш ва уларга қўшимча қиймат қўшиш орқали маҳсулотларини нафақат Марказий Осиё, балки бутун дунё бўйлаб янги бозорларга сотиш имкониятини яратади.
Ўқув дастури Қорақалпоғистоннинг Нукус, Шўманай, Мўйноқ, Чимбой, Тахиаташ ва Бозатау туманлари ҳунармандларини қамраб олади ва экологик тоза пойабзал ва декоратив буюмлар ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи “Tumar Group” мутахассислари томонидан амалга оширилади. Аёл раҳбарлиги остида фаолият юритиб келаётган “Tumar Group” 1998 йилда ташкил этилган бўлиб, 400 дан ошиқ ҳунарманд аёлларни иш билан таъминлаб кигиздан тайёрланган маҳсулотларини AҚШ, Европа Иттифоқи ва Канада каби ҳалқаро бозорларга экспорт қилиб келмоқда.
Мазкур ташаббус қиймати 3,4 миллион АҚШ долларига тенг бўлган Аёлларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш дастури доирасида амалга оширилаётган бўлиб, у Ўзбекистондаги қишлоқ аёлларига меҳнат бозорида тадбиркор ва малакали ишчи сифатида иштирок этишига кўмаклашиш орқали қўллаб-қувватлашга қаратилган.