“UN Tourism” Ўзбекистонда барқарор туризм ривожини қўллаб-қувватлайди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бутунжаҳон туризм ташкилоти (“UN Tourism”) бош котиби Зураб Пололикашвили Тошкент шаҳрида жойлашган Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети — “Green University”га ташриф буюрди. Унга Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ҳамда Туризм қўмитаси раиси Умид Шадиев ҳамроҳлик қилди.
Ташриф давомида бош котиб университет фаолияти, унинг ўқув ва илмий инфратузилмаси — замонавий лабораториялар, махсус аудиториялар, интерактив таълим платформалари, шунингдек, иқлим ўзгаришига мослашиш, табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш ва биологик хилма-хилликни сақлашга бағишланган илмий тадқиқот лойиҳалари билан танишди.
Зураб Пололикашвили “Green University” ташкил этилиши ташаббусини юқори баҳолади ва бу каби таълим формати барқарор ривожланиш ҳамда атроф-муҳит муҳофазасини илгари суришда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
“Биз мутлақо янги ва ижодий муҳитга эга университетда бўлдик ва жуда ҳайратландик. Ушбу университет экологияни, экологларни ва барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлайди. Бу таълим тизимида жуда муҳим ва янги йўналишдир. Мен вазирни табриклайман ва Президентга барқарор ривожланиш ҳамда барқарор туризмни давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлантиргани учун миннатдорлик билдираман, — деди у. — Бу Ўзбекистоннинг нафақат минтақада, балки жаҳон миқёсида етакчи ўринни эгаллаётганини кўрсатади. Бундай университетлар дунё миқёсида ноёб ҳисобланади ва Ўзбекистон бу жараёнда етакчига айланмоқда, бу жуда қувонарли ҳол”.
Ташрифнинг асосий натижаси “UN Tourism” ва “Green University” ўртасида барқарор туризм, экология ва таълим соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган Англашув меморандумининг имзоланиши бўлди. Ҳужжатни бош котиб Зураб Пололикашвили ҳамда вазир Азиз Абдуҳакимов имзолади.
Меморандумга мувофиқ томонлар қуйидаги йўналишларда ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар:
— Ўзбекистонда барқарор туризм салоҳиятини кучайтириш, кадрлар тайёрлаш ва илғор тажрибаларни тарғиб қилиш;
— Барқарор туризмнинг жамият ва атроф-муҳит учун ижобий ўзгаришлар омили сифатидаги аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш;
— Туризмни Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришиш воситаси сифатида тарғиб қилиш;
— Атроф-муҳит муҳофазаси, табиий ресурсларни бошқариш ва иқлим ўзгаришига қарши кураш соҳаларида инновацияларни жорий этиш;
— Илмий тадқиқотлар ва академик алмашувни қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, талабалар ва ўқитувчилар мобиллигини кенгайтириш;
— Қўшма таълим ва маърифий ташаббусларни ишлаб чиқиш.
Меморандум доирасида “UN Tourism” ва “Green University” ўртасида мунтазам мулоқот ўрнатилиши, қўшма лойиҳалар мувофиқлаштирилиши, ўқув дастурлари ташкил этилиши ва илғор тажрибалар алмашинуви режалаштирилган.
“UN Tourism” — БМТнинг ихтисослашган агентлиги бўлиб, у 166 та давлат ва ҳудудлар ҳамда хусусий сектор, илмий муассасалар ва туризм уюшмаларини ўз ичига олган 500 дан ортиқ аъзолардан ташкил топган.
Ушбу меморандумнинг имзоланиши Ўзбекистоннинг экологик ва туристик стратегияларини глобал барқарор ривожланиш кун тартибига интеграциялаш йўлидаги муҳим қадам бўлиб, мамлакатнинг “яшил иқтисодиёт” тамойиллари ва халқаро ҳамкорликка содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди.